Амур областида ғалаён кўтарган 11 нафар ўзбекистонлик қўлга олинди

Бетартиблик иштирокчилари. Amur.info сайти видеотасвиридан кадр

13 июль куни Россиянинг Амур областидаги газни қайта ишлаш заводида (ГПЗ) бетартибликни келтириб чиқарган 11 нафар ўзбекистонлик қўлга олинди. Бу ҳақда Тергов қўмитасининг вилоят бўлими матбуот хизмати хабар беради.

Бетартибликда фаол иштирок этган одамлар ФХХБ, ИИВБ ва Росгвардия ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув ҳаракатлари натижасида қўлга олинган. Қўлга олинган Ўзбекистон фуқароларидан иккитасига нисбатан ҳибсда ушлаб туриш чораси қўлланилган.

13 июль куни Амур областининг Свободное шаҳарчасидаги Renaissance Heavy Industries компаниясида кўтарилган ғалаёнда 300 та одам иштирок этган ва уларнинг аксарияти Ўзбекистон фуқаролари бўлган. ТҚ маълумотига кўра, офис хоналари, магазин ва мобил алоқа дўкони вайрон этилган. Ғалаён ташаббускорлари ва унда фаол иштирок этганларга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 213-модда, 2-банди («Безорилик», жаъзо — етти йилгача озодликдан маҳрум бўлиш) ва 212-модда, 2-банди («Оммавий бетартибликларда иштирок этиш» — саккиз йилгача қамоқ жазоси) билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Текширув ҳаракатлари ишчиларга ўз вақтида ойлик берилмаганлик фактини тасдиқланамади, ишчилар ва иш берувчи ўртасидаги жанжалга «патент тўлови манбаига доир келишмовчилик» сабаб бўлган, дейилади Тергов қўмитаси хабарида.

Амур области прокуратурасига кўра, компания ишга олган ишчиларига моддий ва ижтимоий ёрдам бермаган. Бундан ташқари, Renaissance Heavy Industries бир томонлама мингдан ортиқ ишчининг 14,4 млн рубль миқдорида ойлигини икки ойлик патент тўлови учун ушлаб қолган.

Бу ҳолат бўйича прокуратура компанияга нисбатан РФ КоААП 18.9 — моддаси 1- банди («Россия Федерациясида чет эл фуқароси яшаш қоидалари») ва 5.27-модда, 1-банди («Меҳнат қонунчилигини бузиш») билан маъмурий иш қўзғаган.

Ўзбекистоннинг Россиядаги Бош консули Меҳриддин Хайриддинов дарҳол воқеа жойига етиб келган ва унинг иштирокида меҳнат мигрантларига ойлик тўловлари амалга оширилган ва ишчиларнинг яшаш шароити яхшиланган. Амур области губернатори Василий Орлов меҳнат мигрантлари ва компания раҳбарияти билан учрашган, шундан сўнг «ишчиларга кенг кўламда иқтисодий кўмак берилишини, жумладан карантин даври учун компенсация тўлови, вахтада олти ой ва ундан кўп муддатда бўлганлар учун оклад берилиши»ни маълум қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ