Ярим миллион қозоқ болалари давлат томонидан компьютер билан таъминланади

Pixabay.com сайти фотосурати

Қозоғистонда кам таъминланган оилалардаги ярим миллион бола давлат томонидан компьютер билан таъминланади. Мамлакат Бош вазири Асқар Мамин шу ҳақда топшириқ берди, деб хабар беради ҳукуматнинг матбуот хизмати.

«Ҳукумат ночор оилалардаги болаларни 500 минг дона компьютер билан таъминлайди. Жойларда ҳокимликлар болаларни компьютер техникаси билан таъминлаш масаласини кўриб чиқади», — деди Мамин селектор мажлисда.

Шунингдек, 24 мингта педагог персонал компьютерга муҳтож, уларга мактаб техникаси вақтинча фойдаланиш учун берилади.

Бош вазир 20 августга қадар онлайн-режимда ота-оналар мажлисини ўтказиш ва унда бўлажак ўқув йили ҳақида тушунтиришлар беришга доир топшириқ берди. Жумладан, янги ўқув йилининг биринчи чораги масофали ўқитиш форматида олиб борилади. Камформатли, бошланғич мактаблардаги «навбатчи» синфлар санитария нормаларига қаттиқ риоя қилган ҳолда бундан мустасно бўлиши мумкин.

Маориф ва фан вазирлиги 25 августга қадар ҳокимликлар билан ҳамкорликда барча ўқитувчиларни масофали дарс ўтказишга тайёрлаши, интернет-платформалари ва телевидение орқали керакли контентларни тузиши, ўқувчиларни дарсликлар билан таъминлашлари лозим. Барча ўқув дарстликларининг электрон версияси яратилади ва улар интернетда очиқ ҳолда юкланади. Ҳозирда олти мингдан ортиқ теледарслар тасвирга олинмоқда, улар «Аль-Фараби» ва «Ел-Арна» каналларида бир кунда тўққиз соат давомида намойиш этилади. Бундан ташқари теледарслар интернетга жойлаштирилади ва барча ундан фойдаланишиши мумкин.

Қозоғистонда 2020-2021 ўқув йилида 7391 та мактабда 3,3 млн бола таълим олади, уларнинг 396 мингги бошланғич синфларда ўқийди. Телевидение ва интернет-платформа орқали 2,6 млн (79%), навбатчи синфларда — 530 минг (17%), қишлоқларда штат режимида — 157 мингдан (4%) ортиқ бола таълим олади. Олий ўқув муассасаларида ўқиш асосан масофали тарзда олиб борилади.

Билимлар куни 1 сентябрда онлайн-режим тарзда ўтказилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ