Тошкентда Халқаро тхэквандо федерацияси мураббийи ўлдирилган

Ким Жин Юнг. news.kbs.co.kr сайти фотосурати

Тошкентда Жанубий Корея фуқароси, «Taekwondo WTF» Ассоциацияси мураббийи олинган тан жароҳатларидан вафот этди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.

«2021 йил 15 июнь куни тахминан соат 04.00 да Чилонзор туманида 44 ёшли Жанубий Корея фуқароси К.Д. маст ҳолатда бўла туриб, келишмовчилик вақтида таниши Жанубий Корея фуқароси “Taekwondo WTF” Ассоциацияси мураббийи бўлган 39 ёшли К.Ж.Ю.га пичоқ билан зарба бериб, унга оғир тан жароҳатлари етказган», — дейилади хабарда.

Жабрланувчи шифохонага ётқизилган, лекин кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан кейинги кун ҳаётдан кўз юмган. Айбдор кимса қўлга олинган. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104 моддаси 3-қисми «Д» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Жанубий Корея матбуоти мазкур ҳодиса тўғрисида бундан бир неча кун аввал ёзган. Хабарларда ҳалок бўлган одамнинг Ким Жин Юнг экани ва унинг тхэквандо бўйича Ўзбекистон термасининг мураббийи экани таъкидланган. Жиноят у яшаб турган уйда содир бўлган, жиноятчи қочиб, беркинишга уринади, лекин қўшни туманда қўлга олинади. Хабарда мураббийнинг касбий маҳорати, ўзбек тхэквондочиларининг бўлажак Токио олимпияда ўйинларига тўртта йўлланмани қўлга киритгани айтилади.

Ўзбекистон Тхэквондо (WT) ассоциацияси сайтида Ким Жин Юнг «бош мураббий», «хориж мураббийи» ва «хориж мутахассиси» сифатида қайд этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ