Коронавирус туфайли 28 июндан Тошкент шаҳрига кириш бўйича чекловлар ўрнатилади

pixabay.com сайти фотосурати

Ўзбекистонда COVID-19 туфайли карантин чоралари кучайтирилмоқда. Коронавирусга қарши кураш махсус комиссияси бу борада тегишли қарор чиқарди, деб хабар беради республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизмати.

Жорий йилнинг 28 июнидан 12 июлига қадар Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан автотранспорт (автобус, автомобиль) воситалари орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш бўйича чекловлар ўрнатилди. Пойтахтда доимий яшаётган, даволанаётган одамлар, Тошкентда меҳнат фаолияти юритадиган шахслар, Тошкент халқаро аэропортидан учиб кетмоқчи бўлганлар, чет эл сайёҳлари, уларни ҳайдовчилари, ҳамроҳлари, соғлиқни сақлаш тизими ва санитария-эпидемиология хизмати ходимлари бундан мустаснодирлар. Бундан ташқари, турли транспорт воситаларида қурилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташувчилар ва «Ўзбекистон почтаси» ходимларига ҳам ушбу чекловлар таъсир этмайди.

Шунингдек, жорий йилнинг 28 июнидан бошлаб республика бўйлаб кўнгилочар объектлар – ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари – кафе, ошхона, чойхоналарни ишлашига соат 8:00 дан 20:00 гача рухсат берилади.

Кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектларида ташриф буюрувчиларга ушбу муассасаларнинг умумий сиғимининг 50 фоизидан қатъий оширмаган ҳолда хизмат кўрсатиш белгиланди.

Хабарда Тошкент шаҳри аҳолисининг 18 ёшдан катта бўлган барча қатламини ўзлари бириктирилган оилавий поликлиникаларда коронавирус инфекциясига қарши иҳтиёрий тарзда оммавий эмланиши белгилангани айтилади.

Ўзбекистонда йил бошидан коронавирусга чалинганликнинг рекорд даражаси қайд этилган — бир кунда 476 нафар одам инфекцияга йўлиққани аниқланган. Тошкент шаҳрида 135 нафар одам, Тошкент вилоятида 89 та, Самарқанд вилоятида 49 одамнинг инфекцияга чалингани қайд этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Ўзбекистон Марказий Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатларига хавфсизлик муаммоларини иқтисодиёт орқали ҳал этишни таклиф қилди

  • Тошкентда бўлиб ўтадиган Халқаро конференцияда олий мартабали меҳмонлар иштирок этадилар

  • Россияда чет эллик мигрантларнинг патент олиши учун COVID-19 инфекциясига тест топширишни шарт қилиб қўйдилар

  • Тошкент илк бор ўз ҳарбийларини Москвадаги Ғалаба парадига юборди. У ерда аскарлар қўшнилар билан қўшилиб кетди