Reuters фотожурналисти Афғонистон жанубида ҳалок бўлди

Дониш Сиддиқи. Instagram @danishpix фотосурати

Reuters ахборот агентлигининг фотографи Дониш Сиддиқи Қандаҳор провинциясида армия ва толиблар ўртасида бўлиб ўтган жангда ҳалок бўлди. Бу ҳақда Афғонистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Фарид Мамундзай Twitter саҳифасида хабар берган. Элчи фотографнинг ҳарбий ҳаракатлар зонасида ҳукумат кучлари билан бирга бўлганига аниқлик киритади.

Сиддиқининг асосий яшаш манзили Мумбай шаҳри бўлган. У 2007 йили Деҳлидаги Жомия Миллий Исломия университетини иқтисодчи мутахассиси сифатида тамомлаган, 2010 йилдан бошлаб Reuters агентлиги билан фотограф сифатида ҳамкорлик қила бошлайди. 2018 йили Сиддиқи ва унинг ҳамкасби Аднан Абиди Мьянма ва Бангладешдаги роҳинжа мусулмонлари фожиаси билан боғлиқ суратлари учун Пулитцер мукофоти билан тақдирланган эдилар.

13 июль куни Сиддиқи Twitter саҳифасида «Хамви» зиҳрли машинасида афғон махсус хизмати аскарлари билан кетаркан гранатамёт ўқларига дуч келганини ёзган. Ҳарбий машинага учта граната келиб урилади, лекин ҳеч ким шикастланмайди. Фотограф Қандаҳор провинциясида ҳукумат аскарлари билан Спин-Болдак аҳоли пунктида бўлган жангларда бўлган. Бундан бир неча кун олдин толиблар мазкур туманда жойлашган Покистонга ўтувчи чегара йўлини босиб олгандилар. Афғон ҳукумати кучлари сўнгги кунлар ушбу стратегик объектни қайта қўлга киритишга уринган.

«Чегарасиз репортёрлар» халқаро ташкилотининг маълумотларига кўра, 2020 йил якунига биноан Афғонистон Ироқ ва Мексика қатори журналистлар фаолияти учун энг хавфли мамлакатлар учлигига кирган. Бундан ташқари, ўтган йил сўнггида бу ерда журналистларга қарши қасддан ҳужумлар уюштирилган. Одатдагидек, ҳукуматга қарши кучлар буни бўйнига олмаганлар. «Ал-Жазира» журналисти Раҳматилло Никзодага қарши уюштирилган суиқасд катта шов-шувга сабаб бўлди. Журналист Ғазна провинциясида ўйидан масжидга кетаётганида отиб ўлдирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди

  • Қозоғистоннинг бир қанча ҳудудлари сув тошқинлари домида қолди