Сўнгги уч йил ичида Афғонистонда кўкнори экин майдонлари 95 фоизга қисқарган. Бу ҳақда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Афғонистондаги вакили Поллеак Ок Серей (Polleak Ok Serei) Ariana News'га берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, вазият 2022 йилда кўкнорини етиштириш ва гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш тақиқланганидан сўнг ўзгара бошлаган. Экин майдонларининг барқарор қисқариши 2023–2025 йиллар давомида кузатилган.
«Бу ажойиб ютуқ ва ҳақиқатан ҳам тарихий натижа. Илгари бундай қисқаришни бир йилдан ортиқ вақт сақлаб туришнинг уддасидан чиқилмаган эди», — деди Поллеак Ок Серей.
Унинг таъкидлашича, мазкур ўзгаришлар нафақат Афғонистон, балки бутун дунё учун ҳам аҳамиятлидир. Чунки илгари мамлакат дунёдаги ноқонуний опиум ишлаб чиқаришнинг тахминан 80 фоизини таъминлаб келган.
БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасида таъкидланишича, кўкнори етиштиришнинг кескин қисқариши ёрдам дастурларини қайта кўриб чиқишни талаб қилган. Энди асосий эътибор илгари ушбу экинга қарам бўлган фермерлар учун муқобил даромад манбаларини ривожлантиришга қаратилмоқда. Шу билан бирга, бошқарма бу йўналишдаги тараққиёт мамлакатда сақланиб қолаётган гуманитар, иқтисодий ва экологик муаммолар туфайли чекланганлигини қайд этди.
Бундан ташқари, БМТ бошқармаси синтетик гиёҳванд моддалар тарқалиши хавфи ортиб бораётгани ҳақида огоҳлантирди. Бошқарма вакилларининг фикрича, ўсимлик асосидаги гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришнинг қисқариши жиноий гуруҳларнинг синтетик опиоидлар ва бошқа кучли таъсир қилувчи моддаларга ўтишини тезлаштириши мумкин. Бу эса соғлиқни сақлаш тизимида ҳам, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш соҳасида ҳам янги ёндашувларни талаб қилади.
БМТ бошқармаси вакилларининг ушбу баёнотлари 2026 йил учун Жаҳон гиёҳванд моддалари тўғрисидаги ҳисобот эълон қилиниши ортидан янгради. Ҳужжатда қайд этилишича, янги технологиялар, геосиёсий беқарорлик ва синтетик моддаларнинг кенг тарқалиши таъсирида жаҳон гиёҳванд моддалари бозори жадал ўзгармоқда.
Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, Афғонистонда опиум ишлаб чиқаришнинг қисқариши бошқа мамлакатларда, жумладан Мьянмада ишлаб чиқаришнинг ўсиши билан тўлиқ қопланмаган. Натижада жиноий тармоқлар тобора кўпроқ синтетик опиоидлар, хусусан фентанил, шунингдек бошқа кучли таъсир қилувчи гиёҳванд моддаларга ўтмоқда.
БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси синтетик гиёҳванд моддалар анъанавий наркотикларга нисбатан анча хавфли бўлиши ва жамоат саломатлиги ҳамда хавфсизлиги учун жиддий таҳдид туғдиришини огоҳлантиради. Шунингдек, метамфетамин ва кокаинга бўлган жаҳон миқёсидаги талабнинг ўсиши ноқонуний гиёҳванд моддалар айланмаси йўналишларининг Африка ва Осиё мамлакатларини ҳам қамраб олган янги ҳудудларга кенгайишига туртки бўлаётгани таъкидланди.
Айни пайтда Афғонистон ҳукумати жорий этилган тақиқ туфайли мамлакатда гиёҳванд моддаларни етиштириш, ишлаб чиқариш ва уларнинг ноқонуний айланмаси деярли бутунлай барҳам топганини маълум қилади. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги бир йил ичида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчиларга қарши 11 022 та операция ва кўкнори экинларини йўқ қилиш бўйича 25 764 та тадбир ўтказилган.
Вазирлик маълумотларига кўра, гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарувчи 533 та яширин лаборатория йўқ қилинган, 2 159 тонна тақиқланган модда мусодара этилган ва 13 326 нафар шахс судга тортилган. Шунингдек, 21 569 жериб (4 313,8 гектар) майдондаги кўкнори экинлари йўқ қилинган, гиёҳвандликка қарам бўлган 7 844 нафар шахс эса даволанишга юборилган.
Афғонистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирги вақтда мамлакатда гиёҳвандликка қарам шахслар учун 16 та реабилитация маркази мавжуд бўлиб, улардан 12 таси фаолият юритмоқда, яна тўрттаси очилиш арафасида. Ҳукуматнинг таъкидлашича, айни пайтда 13 мингдан ортиқ киши даволанмоқда, сўнгги бир неча йил ичида эса тахминан 185 минг нафар шахс реабилитацияга йўналтирилган.
Шу билан бирга, БМТ бошқармаси таъкидлашича, Афғонистонда опиум ишлаб чиқаришнинг қисқариши ўз-ўзидан жаҳондаги гиёҳванд моддалар муаммосини ҳал этмайди. Бошқарма фикрича, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш, гиёҳвандликка қарам шахсларни даволаш ва халқаро ҳамкорликка узоқ муддатли сармоя киритилмаса, ўсимлик асосидаги гиёҳванд моддалар етишмовчилиги синтетик моддалар ишлаб чиқаришнинг ортиши ҳисобига тўлдирилиши мумкин.



