Ўзбекистонда Стратегик ривожланиш агентлиги ташкил этилди

pixabay.com сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан Стратегик ривожланиш агентлиги ташкил этилди, деб хабар бериди Адлия вазирлиги Telegram-канали.

Шунингдек,ушбу ҳужжат билан президент раислигида Стратегик ривожланиш агентлигининг кенгаши ва Агентлик ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган бюджетдан ташқари Стратегик ривожланиш агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилган.

Стратегик ривожланиш агентлигининг асосий вазифалари сифатида тармоқлар ва ҳудудлар кесимида инвестицияларни жалб этиш ва лойиҳаларни амалга оширишнинг стратегик масалаларини ўрганиш, инвестиция фаолиятининг истиқболли тармоқлари ва йўналишларини аниқлаш ва бошқалар белгиланган.

Агентлик Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган бош директор томонидан бошқарилади. Агентлик юридик шахс ҳуқуқига эга давлат муассасаси ҳисобланади. Агентлик даромадлари солиққа солиш объекти ҳисобланмайди.

Агентлик фаолияти соҳасига кирувчи масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда агентлик билан келишилиши лозим. Давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари агентликнинг сўровига кўра тегишли маълумотларни, шу жумладан, бирламчи статистик маълумотларни ўрнатилган тартибда тақдим этади ва маълумотлар базаларидан фойдаланишга рухсат беради.

Фармонга кўра, инвестициявий фаолликни ошириш соҳасидаги энг долзарб муаммоларни тезкор ва самарали ҳал этиш мақсадида Агентлик ҳузурида Стратегик ташаббуслар акселератори (Акселератор) ташкил этилди. Агентлик бош директори Акселератор раҳбари ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ