Ўзбекистонда президент сайлови кампаниясига старт берилди

uzreport.news сайти фотосурати

23 июль куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишида президент сайлови кампаниясига старт берилди.

«Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90 ва 117- моддасига биноан 2021 йилнинг 24 октябрь санаси Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови куни, деб белгиланди ва сайлов кампанияси 23 июлдан бошланиши эълон қилинади», — деди МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев мажлисдан сўнг брифингда.

Сайловларда бешта партия – «Адолат» Социал-демократик партияси, «Миллий тикланиш» демократик партияси, Либерал демократлар партияси (ЎзЛиДеП), Халқ демократик партияси ва Экологик партия ўз номзодларини илгари суриш ҳуқуқига эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига биноан президент сайловини Ўзбекистон фуқаролари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширади. Ушбу лавозимга 35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқароси сайланиши мумкин. Ўзбекистон президенти беш йил муддатга сайланади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас.

Аввалроқ Марказий сайлов комиссияси сайловларни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий ишларга 300 млрд сўм ($28 млн) маблағ ажратилгани хабар қилганди. Бунда ҳар бир сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзод учун 3 миллиард 97 миллион сўм ($283 минг).тўғри келади.

Бундга қадар муддатидан аввалги Ўзбекистон президентлигига сайлов 2016 йил 4 декабрда, мамлакат биринчи президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг уч ойдан кейин ўтказилганди. Сайлов бир турда бўлиб ўтди ва унда Шавкат Мирзиёев 88,61% овоз билан ғалаба қозонди.

Мирзиёев Ислом Каримов даврида Жиззах вилоятини (1996 йилдан 1999 йилгача), кейин Самарқанд вилоятини бошқарган. 2003 йили у Ўзбекистон Бош вазири лавомида ишлай бошлади ва биринчи президент вафотига қадар шу лавозимда бўлди.

Конституцияга кўра, Ислом Каримов вафотидан сўнг унинг вазифасини Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев бошқариши керак эди, лекин у ўз номзодини олиб ташлади. 8 сентябрь куни парламент Шавкат Мирзиёевни президент вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тасдиқлади.

Орадан бир ҳафта ўтиб, 16 сентябрда Мизиёев Ўзбекистон Либерал демократлар партияси томонидан президентликка номзод сифатида илгари сурилди.

Муддатидан аввал ўтказилган президент сайловида 15 миллион 900 минг сайловчи ( 88,61% ) Мирзиёевга овоз берди. Иккинчи ўринни 3,73% овоз билан Халқ демократик партияси раиси Ҳотамжон Кетмонов, учинчи ўринни — «Адолат» социал демократик партияси раиси Наримон Усмонов 3,46% овоз билан эгаллади. Охирги ўринни 2,35% овоз билан «Миллий тикланиш» демократик партиясининг раиси Сарвар Отамуродов эгаллади.

Сайловда овоз берувчиларнинг 87,73% иштирок этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ