Хоразмда сайёҳлик кўчаларида сервис объектлари барпо этилади ва автомобил заводи негизида кластер ташкил этилади

Хива. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятини иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди, жумладан, маҳаллий ҳокимликлар эътиборини туризм ва машинасозлик соҳасидаги лойиҳаларга қаратди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Республика раҳбарининг сўзларига кўра, ўтган йили вилоятга 12,5 миллион сайёҳ ташриф буюрган. Аммо кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, шунингдек, янги туристик йўналишларни ривожлантириш орқали кўрсаткични ошириш мумкин.

Шу муносабат билан Хива шаҳри, Боғот ва Хива туманларидаги туризм маҳаллаларида сервис объектлари барпо этиш, 59 та маҳалладаги 14 та гавжум кўча бўйича мастер-режа ишлаб чиқиб, тадбиркорларга тақдим этиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, 10,8 гектар майдонда жойлашган Сулаймон қалъа мажмуасини янги туристик объект сифатида комплекс ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди. Шунингдек, Урганч шаҳри орқали ўтувчи Шовот канали бўйида туризм ва сервис объектлари ҳамда кўнгилочар марказлар ташкил қилиш бўйича мастер-режа ишлаб чиқилади.

Мирзиёев йирик саноат лойиҳалари ҳақида гапираркан, Питнакдаги автомобил заводи қувватини ошириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини 62 фоизга етказиш орқали яхлит муҳандислик кластерини шакллантириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, Ҳазораспда кимё, тўқимачилик ва озиқ-овқат, Шовотда мебелчилик ва текстиль йўналишларида янги лойиҳалар амалга оширилиши белгиланди.

Йиғилишда таъкидланганидек, Хоразм вилоятининг шаҳар ва туманларини модернизация қилиш, йўл ва сув инфратузилмасини яхшилашга 1 миллиард 600 миллион доллар ажратилади. Жумладан, Гурлан туманидаги 158 километр узунликдаги каналларни реконструкция қилиш, 270 насос агрегатини энергия тежамкор ускуналарга алмаштириш, Ўзбекистон-Туркманистон чегарасидаги савдо зонасини молиялаштириш ва ҳоказо вазифалар белгиланди.

Қайд этилишича, сўнгги ўн йилда вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,8 триллион сўмдан (229 миллион доллар) 34,3 триллион (2,8 миллиард доллар) га ошган. Ўтган йили ялпи ички маҳсулот ҳажми 63 триллион сўмга (5,1 миллиард доллар) етган, 1 миллиард доллардан ортиқ инвестициялар жалб қилинган.

Лекин заиф томонлари ҳам бор, масалан, ёшлар бандлиги масаласи. Зеро, ҳар йили 35 минг йигит-қиз меҳнат бозорига кириб келади. Шу боис мутасаддилар уларни иш билан таъминлаш чораларини кўришлари керак. Айниқса, вилоят аҳолисининг 67 фоизи истиқомат қиладиган қишлоқ жойларга эътибор қаратиш лозим. Хусусан, президент маҳаллаларда чорва ва наслли чорва молларини кўпайтириш, ҳунармандчилик, саноат ва хизмат кўрсатиш микромарказларини ташкил этиш орқали 10 мингга яқин аҳолини камбағалликдан чиқариш мумкинлигини таъидлади.

Умуман, жорий йилда хорижий инвестиция ҳажмини 2 миллиард доллардан, экспортни 510 миллион доллардан ошириш вазифаси қўйилди. Бу орқали ялпи ҳудудий маҳсулотни 8,4 фоизга, саноатни 9 фоизга, хизматларни 16,2 фоизга, қишлоқ хўжалигини 5,7 фоизга ошириш кўзда тутилган.

Мирзиёев ўтган йили Хоразм вилоятида камбағаллик даражаси 11,9 фоиздан 6,7 фоизга тушиб, республикадаги энг юқори натижа бўлганини эслатиб ўтди. Бироқ камбағаллик даражаси республикадаги ўртача даражадан юқорилигича қолаётгани қайд этилди. Шу боис, йил якунига қадар ишсизлик ва камбағаллик даражасини камида 3 фоизгача қисқартириш асосий вазифа сифатида белгиланди. Ҳазорасп, Хонқа, Шовот, Янгиариқ, Янгибозор, Тупроққалъа, Хива ва Урганч шаҳарларини ишсизлик ва камбағалликдан xоли ҳудудга айлантириш вазифаси топширилди.

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

  • Тошкентда Чори Шамснинг «Туркий халқларнинг хаёлий мавжудотлари» кўргазмаси очилди