Ўзбекистонда сайловолди ташвиқоти бошланди

«Миллий тикланиш» партияси номзоди акс этган баннер. Daryo.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда 20 сентябрдан Президент сайлови билан боғлиқ кампаниянинг навбатдаги босқичи — сайловолди ташвиқоти бошланди. У 23 октябргача давом этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг матбуот хизмати хабар беради.

Сайлов кодексининг 44-моддасига мувофиқ, сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди.

Ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади. Нотўғри ахборотни, шунингдек номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.

Ҳар бир номзод Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг республика ва маҳаллий телерадиоканалларида бепул ажратиладиган эфир вақтига ва ва маҳаллий газеталарда бепул ажратиладиган нашр майдонига эга бўлади.

Ўзбекистонда фаолият юритаётган сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун Давлат бюджетидан жами 15,5 млрд сўм ($1,5 млн.га яқин) ажратилган ва ҳар бир партия ундан 3,1 млрд сўм ($291 минг) улушга эга.

Ўзбекистон президенти савлови 2021 йил 24 октябрга белгиланган. «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Алишер Қодиров, Ўзбекистон Экологик партиясидан Нарзулла Обломуродов, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Мақсуда Ворисова, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Баҳром Абдуҳалимов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан Шавкат Мирзиёев номзодлари илгари сурилган.

МСК барча номзодларни рўйхатга олди. Республикада 14 та сайлов округи ва 10760 та сайлов участкалари ташкил этилди. Ўзбекистонда 21,2 млн одам овоз бериш ҳуқуқига эга.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ