Самарқандликларга келгусида «свет» муаммоси бўлмаслиги ва юзлаб кўп қаватли уйлар қурилиши вада қилинди

Шавкат Мирзиёев самарқандликлар билан учрашувда. ЎзЛиДеп матбуот хизмати фотосурати

Самарқандда яқин йилларда 600 минг нафар аҳоли ва 2,5 мингдан зиёд корхоналарни таъминлаш учун етарли бўлган қўшимча электр энергияси ишлаб чиқарилади. 24 сентябрда Самарқандга ташриф буюрган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу ҳақда маълум қилди, деб хабар беради Kun.uz нашри.

Президент ҳозирги кунда вилоятдаги электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари талабнинг атиги 2 фоизини қоплаётганини айтган. Келгуси икки йилда Нуробод, Каттақўрғон ва Тойлоқ туманларида жами қуввати 400 Мегаваттли қуёш электр станциялари ва кичик ГЭСлар ишга туширилади. Бундан ташқари, 6 минг километр тармоқлар, 500 киловольтли нимстанция, 2 мингта трансформатор ва 61 мингта эски симёғочлар тўлиқ янгиланади.

Келгуси беш йилда марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 64 фоиздан 84 фоизга, оқова сув тизими 12 фоиздан 35 фоизга етказилади. Хусусан, Каттақўрғон шаҳри ичимлик ва оқова сув тизимларини яхшилаш мақсадида 66 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилиб, ичимлик сув таъминоти билан тўлиқ қамраб олинади. Илгари ичимлик суви етиб бормаган Каттақўрғон, Иштихон, Паст Дарғом, Нуробод, Нарпай, Жомбой, Оқдарё ва Тойлоқдаги 177 та маҳалланинг 680 минг аҳолиси тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади.

Самарқандда келгуси беш йилда 28 минг хонадонли 730 та кўп қаватли уйлар барпо этилади, бу олдинги беш йилга нисбатан 2 баробар кўп. Чекка ва олис ҳудудлардаги 408 та кўп қаватли уйларни таъмирлашга бюджетдан маблағ ажратилади. “Реновация” дастури асосида, Самарқанд шаҳрининг Темир йўл ҳудудида 100 мингдан ортиқ аҳоли учун кўп қаватли замонавий уйлар, Ширин массивида 90 минг нафар аҳолига мўлжалланган шаҳарча барпо этилади.

Мирзиёев келгусида шаҳар маъмурий маркази бошқа туманга кўчирилиши, Самарқанд университетига Шароф Рашидов номи берилишини айтиб ўтди. Шунингдек, вилоятда 8 минг километрдан зиёд автомобиль йўли ва ички кўчалар, 270 та кўприкни қуриш-таъмирлаш учун 4 триллион сўм йўналтирилади.

Ўзбекистон президенти савлови 2021 йил 24 октябрга белгиланган. Республикада фаолият юритувчи бешта сиёсий партия сайловда иштирок этиши учун ўз номзодларини илгари сурди. Сайловолди ташвиқоти 20 сентябрда бошланиб, 22 октябрда тугайди. Ўзбекистонда 21,2 миллиондан ортиқ одам овоз бериш ҳуқуқига эга.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ