Ўтган ҳафтада Ўзбекистонда аномал иссиқлик туфайли истеъмол қилинган электр энергиясининг тарихий максимал даражаси қайд этилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълум қилди.
«Республика бўйича ўтган ёз мавсумида ҳаво ҳароратининг энг юқори, суткасида 224 миллион киловатт-соат электр энергияси истеъмол қилинган бўлса, жорий йилнинг 22 июл куни энг юқори истеъмол қайд этилиб, 237 миллион киловатт-соат ёки 6 фоизга кўпни ташкил қилди», — дейилади Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Тошкент шаҳрида истеъмол тарихий кўрсаткичга етиб, одатда куз-қиш мавсумида юқори бўладиган истеъмолдан ҳам ортди. Яъни, ўтган 2021/2022 йиллар куз-қиш мавсумида Тошкент шаҳрида энг юқори истеъмол 24 миллион киловатт-соатни ташкил қилган бўлса, жорий йил 22 июл санаси бу кўрсаткич 27,5 миллион киловатт-соат ёки 15 фоизга кўпни ташкил этди.
«Истеъмолнинг бундай ошишига, албатта, янги биноларнинг қурилиши, ишлаб чиқариш корхоналарининг ишга туширилиши билан бир қаторда айрим хонадонларда электр энергиясининг суткалик истеъмоли 1000 киловатт-соатгачага етганлиги ёки ушбу хонадонлар ўртача хонадоннинг 4-5 ойлик электр энергияси истеъмолини бир кунда истеъмол қилиши сабаб бўлган», — дейилади вазирлик хабарида.
Аввалроқ вазирлик диспетчерлик хизматлари электр узатиш линияларининг меъёрдан қизиб кетиши оқибатида аҳоли турар жойлари ва ишлаб чиқариш объектларини электр энергиясидан узиб қўйиши ҳақида хабар берган эди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати аҳоли ва юридик шахсларни электр энергиясининг муқобил манбаларидан фойдаланишга ундашга ҳаракат қилмоқда. Бундай асосий манба Қуёш ҳисобланади. Уйларнинг томларига қуёш панеллари ўрнатилди. 2030 йилга келиб уй хўжаликларининг бир қисмини қуввати 2-3 кВт бўлган 150 минг фотоэлектр станцияси билан таъминлаш режалаштирилган.
2019 йил май ойида Президент Шавкат Мирзиёев муқобил манбалар ҳисобидан энергия ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларига солиқ имтиёзлари берилишини назарда тутувчи қонунни имзолади. Шу йилнинг июнь ойида у барча даражадаги вазирлар ва раҳбарларни ўрнак кўрсатиб, ўз уйлари ва иш жойларига муқобил энергия ускуналарини ўрнатишга чақирди.