Британияликлар Қаффол Аш-Шоший қўлёзмаларини инглиз тилига таржима қиладилар

Қаффол Аш Шоший мақбараси. bbstravel.uz сайти фотосурати

Буюк Британиянинг «Ал-Фурқон» Ислом фонди ходимлари турли мамлакатлар архивларидан ислом илоҳиётчиси, Х аср тошкентлик илоҳиёт олими Қаффол Аш-Шошийнинг 13 та қўлёзма нусхасини топди. Бу ҳақда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамият бошқаруви раиси, «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси муаллифи Фирдавс Абдухолиқов «Фарғона» нашрига берган интервьюсида сўз юритди.

«Жамғарма ходимлари дунё архивларидан илоҳиёт олими, ислом диншуноси Қаффол Аш-Шошийнинг 13 та қўлёзма нусхасини топди. Олим асли тошкентлик бўлиб, шу ерда вафот этган. Унинг қабри устига мақбара ўрнатилган бўлиб, ҳозиргача мусулмонлар зиёрат қилиб, эъзозлайдилар. «Ал-Фурқон» фонди қўлёзмаларни инглиз тилига таржима қилишни таклиф қилди, токи биз ўз навбатида уларни ўзбек тилига ўгириб, илмий изланишларимизда фойдаланишимиз мумкин», — деди Абдухолиқов.

Жаҳон жамияти бошқаруви раисининг сўзларига кўра, Британия жамғармаси беш йиллик интенсив мулоқотдан кейингина ҳамкорлик таклиф қилган.

«Бу вақт ичида биз ҳамкорликни таклиф қилдик, аммо бу фақат сўздагина қолди. Улар фақат бизни ва ниятларимизни ўрганишди. Уларни икки нарса қийнарди: бу лойиҳа сиёсий эмасмикан, бизлар «Троя отлари» каби — Ўзбекистон ҳукумати экспонатларни ўз ватанига қайтаришни талаб қилмасмикан?», — дейди Абдуҳолиқов.

Қаффол Аш-Шоший (904 — 975) — ислом илоҳиётчиси, олим, шофий мазҳабининг ҳуқуқшуноси, муҳаддис ва тилшунос. Шофийлик мазҳабининг Марказий Осиёда тарқалиши унинг номи билан боғлиқ. Тошкент ҳомийларидан бири ҳисобланган. Қаффол Аш-Шоши мақбараси шаҳардаги энг қадимий мақбара ҳисобланади.

«Ал-Фурқон» Ислом мероси фонди Лондонда жойлашган нотижорат ташкилотдир. У 1988 йили ташкил топган бўлиб, дунё бўйлаб Исломга оид қўлёзмаларни ўрганиш, каталоглаштириш, нашр этиш ва сақлаш билан шуғулланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ