Қорақалпоғистонда «Қизил китоб»га киритилган кийикни отган одамлар уч йилга қамалдилар

Бухоро кийиги. funart.pro сайти фотосурати

Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Беруний суди «Қизил китоб»га киритилган Бухоро кийигини (хонгули) ўлдирган икки фуқарони озодликдан маҳрум қилиб, жаримага тортди. Бу ҳақда Ekolog.uz Telegram-каналида хабар берди.

Суд ҳукмига кўра, ҳар икки фуқаро Ўзбекистон Жиноят кодексининг 202-моддаси («Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш») 2-қисми «а,б», 3-қисм «г» бандлари билан айбдор деб топилди.

Браконерлар 3 йилу бир ойга озодликдан маҳрум этилди, шунингдек, 81 миллион сўм (7400 доллар) миқдорида жаримага тортилди.

Ушбу сумма жиноят содир этилган Юқори Амударё биоқўриқхонаси бюджети фойдасига ундирилади.

Воқеа 2022 йил 23 февраль куни Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида содир бўлганди. Эрта тонгда маҳаллий аҳоли қўриқхона ходимларига Бийбозор қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги ўрмон хўжалиги ёнида отишма овози эшитганини маълум қилади. Қўриқхона ходимлари ўша жойга бориб, йўлакда қон излари, зовурда туёқ излари борлигини аниқлайдилар.

Инспекторлар қон ва мотоцикл шиналари изларидан бориб, бухоро буғусининг қолдиқларини топишади. Кейинчалик, инспекторлар мотоцикл изларидан бориб бир уйга тақалишади. Уй эгаси жиноятига иқрор бўлиб, давлат рўйхатидан ўтмаган ов милтиғини ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига топширади. Сўроқ пайтида у шеригининг исмини айтади.

Бутунжаҳон табиатни муҳофаза қилиш жамғармаси маълумотларига кўра, 2006 йили Марказий Осиёда 1000 га яқин бухоро буғуси бўлган. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон ҳукуматларининг саъй-ҳаракатлари билан 2015 йилга келиб уларнинг сони 2700 нафарга етди. 2021 йили Қозоғистондаги «Иле-Балхаш» қўриқхонаси 61 бош кийикни табиатга қўйиб юборгани ҳақида хабар берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ