Reuters: Қозоғистон ўз нефтининг бир қисмини Озарбайжон орқали сотиш ниятида

pixabay.com сайти фотосурати

Қозоғистон ўз нефтининг бир қисмини Россияни четлаб ўтиб, Озарбайжоннинг энг йирик нефть қувури орқали сотишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Reuters музокаралардан хабардор учта манбага таяниб.

Шундай қилиб, республика нефть экспорти йўналишларини диверсификация қилишга интилмоқда. 20 йил давомида Қозоғистондан хомашё етказиб бериш КҚК (Каспий қувурлари консорциуми) қувурлари орқали Новороссийскгача амалга оширилди. Бироқ, июль ойида шаҳар суди нефть тўкилишига қарши кураш режасини бузгани учун КҚК фаолиятини 30 кунга тўхтатиб қўйди, шундан сўнг Қозоғистон муқобил йўлларни қидира бошлади, дейилади хабарда.

Агентлик манбаларига кўра, «Казмунайгаз» миллий компанияси ҳозирданоқ Озарбайжон Давлат нефть компанияси (SOCAR) билан нефть етказиб бериш бўйича дастлабки музокаралар олиб бормоқда. Қозоғистон томони Озарбайжон нефть қувури Боку-Тбилиси-Жайҳон орқали йилига 1,5 миллион тонна ёқилғи сотишни режалаштирмоқда.

Шу тариқа, Қозоғистон кунига 30 минг баррелдан сал кўпроқ нефть сотиши мумкин бўладибу КҚК қувури орқали ўтадиган одатдагидек кунига 1,3-1,4 миллион баррелга нисбатан арзимас миқдор, деб ёзади агентлик. Якуний шартнома август ойи охирида имзоланиши мумкин, етказиб бериш шу йилнинг кузида бошланади.

2023 йилдан бошлаб яна бир Озарбайжон қувури орқали Грузиянинг Қора денгиз бўйидаги Супса портига йилига яна 3,5 миллион тонна қозоқ нефтини олиб ўтиш мумкин.

Боку-Тбилиси-Жайҳон оқими билан биргаликда қозоқ нефтининг умумий ҳажми кунига 100 000 баррелдан сал кўпроқни ёки Қозоғистондан Россиянинг Новороссийск портига КҚК қувури орқали экспортнинг 8 фоизини ташкил қилади.

Chevron ва «КазМунайГаз» қўшма корхонаси «Тенгизшевройл» ҳам янги етказиб бериш йўналишлари бўйича музокаралар олиб бормоқда, дейилади агентлик хабарида. Бунда Боку-Тбилиси-Жайҳон қувури мумкин бўлган вариант сифатида кўрилади, бироқ манбага кўра, у орқали нефть экспортини ташкил қилиш учун олти ойгача вақт кетиши мумкин.

«Тенгизшевройл» апрель ойида КҚК терминали бўрон туфайли қисман ишдан чиққанида, оз миқдордаги нефтни темир йўл орқали Грузиянинг Батуми портига йўналтирган эди. Энди, Reuters маълумотларига кўра, компания кўпроқ темир йўл транспортига буюртма бермоқда, бу эса сентябрь ёки октябрь ойларида унга бўлган талабни ошириши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ