Қозоғистон Россиянинг Евроосиё тараққиёт банкидаги улушининг бир қисмини сотиб олишни режалаштирмоқда

Tengrinews.kz сайти фотосурати

Бош вазир ўринбосари – молия вазири Ерулан Жамаубаев Қозоғистон ва Россия ўртасида Евроосиё тараққиёт банкидаги (ЕТБ) Россия улушининг бир қисмини сотиб олиш бўйича музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлади, деб ёзади Tengrinews.kz.

«Умуман олганда, бундай риторика бор, биз буни инкор этмаймиз. Чунки у ҳақиқатан ҳам иш муҳитида муҳокама қилинади. Аммо якуний қарор йўқ, чунки ҳаммаси қандай улуш таклиф қилинишига ва бошқа давлатлар маълум бир улушни сотиб олишга тайёрми ёки йўқми, шу жумладан Қозоғистон ҳам, бунинг молиявий нуқтаи назардан қанчалик қиммат бўлишига боғлиқ. Муддатлар бўлмаса-да, ЕТБ ҳозир барқарор ишламоқда ва бу банкга анкциялар унчалик таъсир қилмаяпти», — деди Жамаубаев ҳукумат мажлисида журналистларнинг тегишли саволига жавоб берар экан.

9 август куни Bloomberg агентлиги манбаларга таяниб, санкциялардан ҳимоя қилиш мақсадида Россия Евроосиё тараққиёт банкининг назорат пакетидан воз кечишни режалаштираётгани ҳақида хабар берганди.

Ҳозирда Россия ЕТБ акцияларининг 65,97 фоизига эгалик қилади. Агентлик манбаларига кўра, мамлакат Беларусь билан қўшма улушини ярмидан камайтирмоқчи. Шу билан бирга, ҳозирда ЕТБ акцияларининг 32,99 фоизига эгалик қилувчи Қозоғистон банкнинг назорат пакети эгасига айланиши мумкин.

Евроосиё тараққиёт банки 2006 йил 12 январдаги давлатлараро шартнома асосида ташкил этилган. Бугунги кунда ЕТБ аъзолари Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистондир. Ташкилот «инвестицион фаолиятни амалга ошириш орқали иштирокчи давлатларнинг иқтисодий ўсишига, улар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга ва Евроосиё маконида интеграция жараёнларини ривожлантиришга кўмаклашиш»га йўналтирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ