Яна учта хориж авиакомпанияси Самарқандни йўналишлар рўйхатига киритди

Самарқанд аэропорти. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Россиянинг икки авиакомпанияси – «Ямал» ва «ИрАэро», шунингдек, Озарбайжоннинг AZAL авиакомпаниялари Самарқандни йўналишлар рўйхатига киритди.

Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабарига кўра, «Ямал» Москва-Самарқанд-Москва йўналиши бўйича ҳафтада бир марта сешанба кунлари чартер рейсларини амалга оширади. Airbus А321 самолёти Самарқанддан маҳаллий вақт билан соат 08:00да (Москва вақти билан 06:00) учади. 20 сентябрь куни Самарқандга биринчи йўловчи рейси етиб келди.

Шунингдек, 20 сентябрдан бошлаб сешанба кунлари Самарқанд аэропорти Қозондан «ИрАэро» авиакомпанияси томонидан амалга ошириладиган рейсларни қабул қилади. Октябрь ойи охиригача, 2022 йил баҳор-ёз мавсуми доирасида самолётлар Самарқанддан Қозонга маҳаллий вақт билан соат 18:30да (Москва вақти билан 16:30) учади. Йўловчиларга Sukhoi Superjet 100 Сукҳои Супержет 100 самолётларида хизмат кўрсатилади. Бир томонга учиш вақти 3 соат 40 минутни ташкил этади.

Озарбайжоннинг AZAL авиакомпанияси октябрь ойи бошидан Бокудан Самарқандга ва ортга парвозларни бошлайди. Компания Боку-Тошкент-Боку йўналиши бўйича парвозлар частотасини ҳафтасига уч мартадан беш мартагача оширишни режалаштирмоқда. Эндиликда икки пойтахт ўртасида мунтазам рейслар душанба, чоршанба ва шанба кунлари амалга оширилмоқда, тез орада улар пайшанба ва якшанба кунлари ҳам амалга оширилади.

Аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандга Европа, Осиё, Америка, араб давлатлари ва қўшни давлатлардан халқаро рейслар сонини кунига камида ўнтага етказиш бўйича топшириқ берган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ