Uzcard Ўзбекистонда «Мир» карталари бўйича хизмат кўрсатиш тўхтатилаётганини маълум қилди

Kun.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда 23 сентябрь куни соат 9:00 дан бошлаб Россиянинг «Мир» тўлов тизими карталарига хизмат кўрсатиш ва хорижда Uzcard – «Мир» қўшма карталарининг ишлаши тўхтатилди. Бу ҳақда Uzcard ягона республика процессинг маркази матбуот хизмати хабар берди.

Бунинг сабаби зарур техник процедуралар ўтказилиши билан изоҳланди. Матбуот хизматининг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳудудида Uzcard – «Мир» қўшма карталари одатдагидек ишламоқда.

Ўзбекистонда «Мир» карталаридан фойдаланишдаги муаммолар ҳақида бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда хабарлар пайдо бўла бошлаганди. 21 сентябрь куни Uzcard ушбу тўлов тизимидан карталарни қабул қилишда давом этишини таъкидлаганди.

15 сентябрь куни АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Россия миллий тўлов карталари тизими (МТКТ) билан шартномалар тузаётган америкалик бўлмаган молия институтлари Россиядан ташқарида «Мир» тўлов тизимини қўллаётганлик билан АҚШ санкцияларини четлаб ўтишга ҳаракат қилаётганларга аралашиб қолиши хавфидан огоҳлантирилди. МТКТнинг ўзи санкциялар рўйхатида йўқ.

«Интерфакс» хабарига кўра, сентябрь бошида «Мир» карталари 11 давлатда қабул қилинган. Булар Ўзбекистондан ташқари — Туркия, Вьетнам, Жанубий Корея, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Жанубий Осетия ва Абхазиядир.

OFAC баёнотидан сўнг, ушбу рўйхатдаги баъзи мамлакатларда «Мир» карталарини қабул қилиш тўхтатилганлиги ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади. Хусусан, Туркия, Қозоғистон ва Арманистонда Россия тўлов тизими карталаридан фойдаланиш билан боғлиқ муаммолар юзага келган.