Қозоғистон ҳукумати фуқароларни россияликлар оқимидан хавотирланмасликка чақирди

tengrinews.kz сайтидан коллаж

Қозоғистоннинг барча давлат органлари тўлиқ режимда ишламоқда ва мамлакатга кириб келаётган россияликлар оқимининг кўпайиши билан боғлиқ вазиятни мунтазам назорат қилмоқда. Бу ҳақда 23 сентябрь куни республика Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик бирор давлатнинг фуқаролари Қозоғистон ҳудудида чексиз қолиш ҳуқуқига эга эмаслиги ва миграция қонунчилиги талабларига риоя қилишлари кераклигини эслатади. «Биз ҳуқуқий давлатда яшаётганимизни алоҳида таъкидлаймиз ва барча ҳатти-ҳаракатимиз ушбу постулатдан келиб чиқиши лозим», дейилади хабарда.

«Атрофдаги нотинчлик шароитида давлатимиз барқарорлиги жиддий синовдан ўтмоқда. Шу билан бирга, халқимизга хос юксак инсонпарварлик муайян ахлоқий меъёрларга амал қилиш зарурлигини тақозо этади. Ўйлаймизки, фуқароларимиз ўзига хос доноликни намоён этиб, меҳмондўстлик анъаналарига содиқ қоладилар», — дейилади ТИВ хабарида ва ҳар қандай кескин баёнот ёки ҳаракат қийин вазиятда номақбул оқибатга олиб келиши мумкинлиги таъкидланади.

Қозоғистон инфратузилмаси бугунги кунда миграция оқими билан боғлиқ вазиятга дош бера олади. Хизмат кўрсатиш объектлари ҳам ўз имкониятлари доирасида ишлайди. Биз мавжуд вазиятни диққат билан кузатиб борамиз ва жиддий хавф-хатарлар юзага келган тақдирда халқаро ҳуқуқ ва миллий қонунчиликни ҳисобга олган ҳолда тегишли чоралар кўрилади, дея хулоса қилади вазирлик.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг Миграция хизмати қўмитаси ҳам фуқароларни мамлакатда миграция назоратининг самарали тизими яратилганига ишонтирди. «Статистик маълумотларга кўра, жорий йилда Қозоғистонга 4,3 миллионга яқин хорижлик кириб келган, 4,1 миллион нафари чиқиб кетган, шу жумладан, Россия Федерацияси фуқаролари 1 миллион 660 минг, чет эл фуқаролари эса 1 миллион 640 минг киши чиқиб кетган. Уларнинг мамлакатда бўлиши тўлиқ назорат остида», — дея ташкилот ахборотидан иқтибос келтиради «Интерфакс».

Бу даврда 3200 нафар россиялик миграция қонунчилигини бузгани учун жавобгарликка тортилган, бу мамлакатга кирган Россия фуқароларининг атиги 0,2 фоизини ташкил этади. «Бу уларнинг Қозоғистонда бўлиш шартларига риоя қилиш бўйича маълум интизомлилигини кўрсатади», — дея таъкидлади қўмита ва мамлакатда вақтинчалик яшаш учун рухсатнома олганлар ҳам расмийлар томонидан назорат қилинаётганини таъкидлайди.

Бугун эрта тонгда Россия-Қозоғистон чегарасидаги вазиятга Қозоғистон МХҚ Чегара хизмати изоҳ бериб, «алоҳида назорат остида» экани айтганди. Мавжуд 30 та автомобиль назорат пункти нормал ишламоқда. Тўртда пунктда йўловчилар ва транспорт воситалари оқимининг кўпайиши туфайли тирбандлик кузатилмоқда.

21 сентябрь куни Россия Федерациясида қисман сафарбарлик эълон қилинганидан кейин икки давлат чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктларида кўп километрлик тирбандликлар юзага кела бошлади. Тегишли фотосуратлар ва видеолар Қозоғистон оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди. Журналистлар билан суҳбатда россияликлар қуролли тўқнашувда қатнашишни истамагани учун қўшни давлатга кетаётганликларини айтишган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ