Душанбе суди Москвадаги помир диаспораси етакчиларидан бирини 16 йилга озодликдан маҳрум қилди

Ораз Вазирбеков. «Озоди» сайти фотосурати

Душанбе суди Москвадаги помир диаспораси етакчиларидан бири Ораз Вазирбековни 16 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда «Озоди» (Россия Федерациясида хорижий агент сифатида тан олинган «Озодлик» радиосининг тожик хизмати) маҳкумнинг қариндошига таянган ҳолда хабар берди.

Манбага кўра, ҳукм 5 ноябрь куни эълон қилинган, Вазирбековнинг яқинлари суд мажлисига киритилмаган. Фуқаролик фаоли экстремизм ва интернет орқали конституциявий ҳукуматни ағдариш чақириқларида айбдор деб топилган. Шунингдек, у бадахшонлик муҳожирлар ўз оилаларига юборган хайрия маблағларини ўзлаштирганликда айбланган.

«Ораз ўзини айбсиз деб ҳисоблайди ва унинг иши адолатли кўриб чиқилишини сўради, бироқ тергов ва суд унинг илтимосига эътибор бермади», — дейди «Озоди» манбаси.

Ораз Вазирбеков укаси Рамзи билан бирга 29 июль куни Екатеринбургдан учиб келган Домодедово аэропортида ўғирлаб кетилган. Ака-ука Россия фуқаролигига эга бўлган ва сўнгги йилларда Россияда доимий яшаб келган. Журналист Анора Сакорованинг сўзларига кўра, улар «Раҳмон режимининг принципиал мухолифлари бўлган ва Тожикистонда инсон ҳуқуқлари қўпол равишда поймол этилаётганини очиқ танқид қилишган». «Фаолларнинг ғойиб бўлиши этник помирликларга нисбатан олиб борилаётган репрессия сиёсатининг давоми бўлади ва Россия Бош прокурори Игорь Красновнинг 25 июль куни Тожикистонга ташрифи билан бевосита боғлиқ», — деб таъкидлайди журналист.

31 июл куни «Беҳдошт» телеканали Вазирбековлар иштирокидаги видеони эълон қилган ва унда ака-укалар Тожикистонга ўз ихтиёри билан келганликлари ва Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг саволларига жавоб беришга тайёр эканликларини айтишган. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари маҳбусларнинг ғайритабиий хатти-ҳаракатлари, имо-ишоралари ва кўзларига эътибор қаратиб, ўғирлаб кетилган фаолларга тақиқланган препаратлардан укол қилинган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишди. Кейинроқ Ораз Вазирбековнинг рафиқаси эрининг Тожикистонга кетиши ўз ихтиёри билан бўлмагани ва «Беҳдошт» телеканали видеоси саҳналаштирилганини айтган.

Рамзи Вазирбековнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Анора Саркоровага кўра, фуқаролик фаолига нисбатан ҳам сохта айбловлар билан жиноят иши қўзғатилган, у қаттиқ қийноқларга солинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ