Қирғизистонда Украинадаги «туркий халқлар батальони» қўмондонига нисбатан жиноий иш қўзғатилди

«Турк халқларини батальони» қўмондони Алмаз Кудабек уулу видеомурожаати скриншоти

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) куни кеча ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалган Украина Қуролли кучлари таркибида ташкил этилган «Турк халқларининг Турон батальони» қўмондони видеомурожаатига изоҳ берди.

«Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ушбу фуқаронинг баёноти Қирғизистон расмий органларининг позициясига зид эканлигини расман эълон қилади. Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Россия ва Украина ўртасидаги воқеаларда бетарафликни сақлайди», — дейилади қўмита баёнотида.

Бундан аввал ижтимоий тармоқлар мониторинги давомида Қирғизистон МХДҚ ходимлари Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларни ёритувчи аккаунт борлиги ва унинг эгаси қирғизистонлик Алмаз Кудабек уулу эканини аниқлаган эди.

Матбуот хабарида айтилишича, 2021 йил декабрь ойида Алмаз Кудабек меҳнат муҳожири сифатида Украинага жўнаб кетган. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 256-моддаси «Қирғизистон фуқаросининг хорижий давлат ҳудудидаги қуролли можароларда ёки жанговар ҳаракатларда иштирок этиши ёки террорчилик ҳаракатларни амалга оширишга тайёргарлик кўриши» бўйича тергов ҳаракатлари бошланган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Қирғизистон Республикаси фуқаросининг чет давлат ҳудудидаги қуролли тўқнашувларда ёки жанговар ҳаракатларда иштирок этиши ёки Қирғизистон Республикасидан ташқарида террористик ёки экстремистик жиноятлар содир этиш учун тайёргарлик кўриши Жиноят кодексининг 226-4-моддасига мувофиқ беш йилдан саккиз йилгача, худди шундай қилмиш бир гуруҳ шахслар ва уюшган жиноий гуруҳ томонидан олдиндан тил бириктириб содир этиладиган бўлса, 8 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишини эслатиб ўтди.

Бир кун аввал ОАВда Украинадаги можаролар бошланишидан олдин Алмаз Кудабек Россияда бўлгани, турли юмушларни бажаргани, жумладан сартарошлик билан шуғуллангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Алмаз Кудайбек уулуга нисбатан «Қирғизистон Республикаси фуқаросининг хорижий давлат ҳудудидаги қуролли можароларда ёки ҳарбий амалиётларда иштирок этиши» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатгани хабар қилинди.