Песков сиёсатшуносларнинг Қозоғистон ҳақидаги гапларига қулоқ солмасликка чақирди

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Қозоғистон ҳақида телевидение орқали «ўта ноқулай» баёнотлар бераётган сиёсатшуносларга қулоқ солмасликка чақирди, зеро улар Кремль позициясини билдирмайди. «Хабар 24» телеканалининг «President» лойиҳаси эфирида у шундай фикр билдирди.

«Шу нарсани айтишим мумкинки, Россияда Қозоғистон ҳақида ўта ноқулай баёнотлар берадиган сиёсатшунослар Қозоғистонда Россияни роса танқид қилувчи сиёсатшунослардан кам эмас. Аммо бу ҳолат бизнинг икки томонлама муносабатларимизга соя солиши мумкин дегани эмас», — деди Кремль вакили.

«Чунки бу сиёсатшунослар ҳукуматнинг, Кремлнинг расмий йўналишини акс эттирмайди. Уларга шундай муносабатда бўлиш керак», — деб таъкидлади Песков ва «уларни тинглаш ва томоша қилишнинг ҳожати йўқ», деди.

Кремль вакили шов-шувга сабаб бўлган «Владимир Соловьёв билан оқшом» дастурини кўрмаганини тан олди. «Мен гапирган бу сиёсатшуносни танимайман ҳам», — дея қўшимча қилди у.

Федерал каналда янграган салбий баёнотлар ҳақида гапираркан, Песков Россияда «федерал каналда турли хил одамлар гапиради, улар диаметрал қарама-қарши нуқтаи назарга эгадирлар». «Баъзида улар том маънода «қолип»дан чиқиб кетишади. Биз унга шундай муносабатда бўламиз ва сизларни ҳам худди шундай муносабатда бўлишга чақирамиз. Турли одамлар, турли нуқтаи назарлар мавжуд. Уларнинг расмий ҳокимиятга ҳеч қандай алоқаси йўқ», — деб таъкидлади Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби.

Эслатиб ўтамиз, 20 ноябрь куни «Владимир Соловьёв билан оқшом» кўрсатувида меҳмонлардан бири, сиёсатшунос Дмитрий Дробницкий Россия учун навбатдаги муаммо Қозоғистон эканини айтган эди. «У ерда ҳам ҳозир Украинадаги фашист жараёнлари бошланиши мумкин. Ва у ерда руслар жуда кўп ва ҳудудлар... афсуски, Семипалатинск у ерда ва бутун «Росатом»имиз учун ядро ёқилғиси ҳам ўша ерда», — деди у.

Бунга жавобан Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги бундай баёнотлар икки давлат ўртасидаги яқин муносабатларга путур етказиши, улар РФ расмийлари томонидан эътиборга олинишга лойиқ» эканини таъкидлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ