Бухорода Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликларга доир суд жараёни бошланди

ЎзА сайти фотосурати

28 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судида жорий йилнинг июль ойи бошида содир бўлган Нукус воқеалари бўйича суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар берди.

Суд жараёнида 22 киши, жумладан журналист ва блогер Даулетмурат Тожимуратов, Makan.uz сайти асосчиси Лолагул Каллихонова, фаол Азамат Турданов ва бошқаларнинг иши кўрилмоқда.

Уларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 10 та моддаси (28 модда – «Жиноят иштирокчиларининг турлари»ни ҳисобга олмаганда) бўйича айблов қўйилган:

104. Қасддан баданга оғир шикаст етказиш;

159. Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш;

164. Босқинчилик;

167. Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш;

227. Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш;

243. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш;

244. Оммавий тартибсизликлар;

244-1. Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш;

247. Ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш;

277. Безорилик.

20 нафар судланувчига нисбатан «қамоққа олиш», 1 нафарига «уй қамоғи» ва 1 нафарига «жамоа кафиллиги» тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.

«Суд жараёни очиқ тарзда ўтказилиб, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун суд мажлисларини видеоконференцалоқа воситасида тўғридан-тўғри кузатишга мўлжалланган ҳамда барча техник шароитлар яратилган матбуот зали ташкил этилган», — дейилади Олий суд хабарида.

Ушбу жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Еллибай Абибуллаев раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилмоқда. Суд жараёни қорақалпоқ тилида бошланди.

Эслатиб ўтамиз, 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига республика суверенитетини маҳрум қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Расмий маълумотларга кўра, тартибсизликлар пайтида 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар яраланган.