Қозоғистонда сув тошқини туфайли 200 дан ортиқ одам эвакуация қилинди, бир қанча автомобиль йўллари ёпилди

Туркистон вилоятида аҳолини эвакуация қилиш жараёни. Қозоғистон ФВВ матбуот хизмати фотосурати

Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида 2 февраль куни ёғингарчилик ва тоғларда кучли қор эриши натижасида сув тошқинлари юзага келган. Арис шаҳридан ўтувчи Қобилсой канали ўзанидан чиқиб, яқин атрофдаги уйларни сув босиши хавфини туғдирди, деб хабар берди республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Қутқарувчилар тун бўйи беш аҳоли пункти – Байдибек туманидаги Шаян ва Шакпак, Сауран туманидаги Шага, Сўзоқ туманидаги Шўлоққўрғон ва Арис шаҳридаги уйларни сув босишининг олдини олиш мақсадида сувни тортиб, инерт материал солинган қопларни ётқизишган.

Ҳукумат томонидан бу жойлардан 200 дан ортиқ одам ва 800 бош майда қорамол эвакуация қилинган. Қурбонлар ва жабрланганлар йўқ.

Туркистон вилоятида ёмғир вақтинча тўхтаган, бироқ сув оқими давом этмоқда. «Қазгидромет»нинг хабар беришича, 3 февраль куни вилоятнинг аксарият ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир, қор), ҳарорат фонининг кўтарилиши, қорнинг интенсив эриши, қиялик оқими ҳосил бўлиши ва дарёларда сув сатҳининг кўтарилиши кутилмоқда.

Айни вақтда Олмаота вилоятида кучли ёмғир туфайли қуйидаги бир қанча автомобиль йўллари ёпилди, дея хабар беради Nur.kz вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасига таяниб:

▶️ Олмаота — Конаев (25-67 км, Или тумани);

▶️ Олмаота — Шелек — Хоргос (25-320 км, Энбекшиказах тумани);

▶️ Россия чегараси Екатеринбург — Олмаота (2436-2214 км, Жамбил тумани);

▶️ Олмаота — Оскемен (78-124 км, Конаев — Жўламан қишлоғи);

▶️ Олмаота — Кўкпек — Кўктал — Хорғос (126-172 км, Байсеит — Кўкпек, Энбекшиқазах тумани).

Вилоятда ёмғир ва қор шаклида ёғингарчилик, кучли туман тушиши, секундига 15-20 метргача шамол эсиши кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ