Хитой компанияси Тоғли Бадахшонда автойўл ва кўприклар қуради

Тожикистон Транспорт вазирлиги ва China Road and Bridge Corporation компанияси ўртасида шартнома имзоланиши. Тожикистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Тожикистон Транспорт вазирлиги Хитойнинг China Road and Bridge Corporation (CRBC) компанияси билан Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида (ТБМВ) йўл ва кўприклар қуриш бўйича келишиб олди. Бу ҳақда мамлакат Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тожикистон Транспорт вазирлиги ва Хитой компанияси ўртасидаги келишув 27 март куни имзоланган.

Унга кўра, CRBC ТБМВ маъмурий маркази Хоруғ шаҳридаги Гунд дарёси бўйлаб 200 метр узунликдаги кўприк, шунингдек унга туташ 1,1 км узунликдаги йўлларни қуриш мажбуриятини олди.

Бундан ташқари, шартномада Шуғнон туманидаги Барсем қишлоғи ҳудудидан ўтувчи 3,4 км узунликдаги автомобил йўлини қуриш, Хоруғ-Мурғоб участкасида қор кўчкиси галлереяси (550 метр) ва кўприк (82,3 метр) қуриш кўзда тутилган.

Транспорт вазирлигининг хабар беришича, лойиҳанинг умумий бюджети 31,2 миллион долларни ташкил этади, амалга ошириш муддати эса қурилиш ишлари бошланган кундан бошлаб 30 ойни ташкил этади.

Юқоридаги ишларнинг бажарилишини назорат қилиш Транспорт вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳи ва ISAN Corporation + ТОО M50 Consulting Group LLP қўшма консалтинг компанияси раҳбариятига юклатилган.

Таъкидлаш жоиз, аввалроқ CRBC Тоғли Бадахшоннинг Ванж ва Рушон туманларида автомобил кўприги қурган. Бундан ташқари, Хитой компанияси Тожикистонда учтаШаҳристон, Дўсти ва Хатлонда туннел қурган. Ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати 182 миллион долларни ташкил этган.

ℹ️ «Шаҳристон» МДҲдаги энг узун туннел ҳисобланади ва унинг узунлиги 5253 метрни ташкил қилади.

Шунингдек, CRBC Душанбе-Турсунзода йўлини реконструкция қилиш билан ҳам шуғулланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ