Вазир Қозоғистонда автогаз нархи бензин даражасига кўтарилишини маълум қилди

kolesa.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда автомобиллар учун ёқилғи сифатида фойдаланиладиган суюлтирилган газнинг чакана нархи бензин даражага кўтарилиши мумкин. Бу ҳақда республика Энергетика вазири Алмасадам Саткалиев маълум қилди, деб ёзади Курсив.kz.

«Келажакда автомобилларни газга ўтказиш шундай суръатларда ўсадиган бўлса, қисқа муддатда қайта ишлаш қуввати етишмайди... Шундай даврлар бўладики, биз суюлтирилган газни импорт қилишга мажбур бўламиз ва бунда бутунлай бошқача нархлар бўлади, яъни нарх бензин нархи билан таққосланадиган бўлади», — деди вазир журналистларга.

Шу билан бирга, Саткалиевнинг сўзларига кўра, ёқилғи тақчиллиги кучаяди. «Бизда бозорда қопланмайдиган даражада камомад бўлади. Шу боис, биз вазирлик сифатида бу ҳақда гапиришга, масъулиятни ўз зиммамизга олишга ва жамоатчилик, автоуловчиларимиз, истеъмолчиларга очиқ айтишга мажбурмиз, бу давлатда ёқилғи турлари билан боғлиқ жиддий муаммолар ҳозирданоқ юзага келмоқда. Бу муаммо қисқа муддатда ҳал этилмайди», — деди вазир.

Айни пайтда Қозоғистоннинг бир қанча ҳудудлари аллақачон автогаз тақчиллигига дуч келган. Остона, Тараз ва Петропавловскдаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида газ купон орқали қуйилмоқда.

Ноябрь ойи бошида Энергетика вазири бир литри 110 тенге (0,2 доллар) бўлишини айтиб, автомобиль гази нархининг ошиши ҳақида огоҳлантирган эди. Ҳозирги вақтда мамлакат бўйлаб литри учун 50 дан 80 тенгегача бўлган диапазон мавжуд, суюлтирилган газнинг максимал чакана нархлари давлат томонидан тартибга солинади.

Давлат томонидан тартибга солиш 2022 йил январь ойида Манғистау вилоятида суюлтирилган газ нархининг кескин ошиши сабаб оммавий норозилик намойишларидан сўнг жорий қилинган эди. Автомобилларга ёнилғи қуйиш учун ишлатиладиган ёқилғи нархи бирданига икки баравар кўтарилганди — литри учун 60 дан 120 тенгегача. 6 январь куни Қозоғистон Республикаси ҳукумати автомобиль гази, бензин ва дизель ёқилғиси учун олти ойлик максимал нархларни белгилади, бироқ норозилик намойишлари тўхтамади, балки бутун мамлакат бўйлаб тартибсизликларга айланиб кетди, кейинчалик расмийлар буни террорчилик ҳужуми ва давлат тўнтаришига уриниш деб атади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ