АҚШ билан ҳамкорликда айбланган эронлик журналист аёллар апелляция ишига қадар қамоқдан озод қилинди

Нилуфар Ҳамдий ва Элаҳе Муҳаммадий. err.ee сайти фотосурати

«Душман Америка ҳукумати билан ҳамкорлик қилиш» айби билан узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эронлик журналист аёллар Нилуфар Ҳамдий ва Элаҳе Муҳаммадий апелляция кўриб чиқилгунга қадар вақтинча озодликка чиқарилди. Бу ҳақда «Фарда» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг минтақавий бюроси) хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, бу қарор Теҳрон вилояти апелляция суди томонидан 14 январь куни қабул қилинган. Аниқлик киритилишича, эронлик аёллар гаров эвазига озод қилинган – уларнинг ҳар бирига 10 миллиард туман (тахминан 24 минг доллар) тўланган.

Шу билан бирга, биринчи инстанция ҳукмини бекор қилиши мумкин бўлган якуний апелляция берилгунга қадар журналистларга уйдан чиқиш ёки мамлакатни тарк этиш тақиқланади. Ушбу ҳукмга кўра, Ҳамади ва Муҳаммадий «АҚШ билан ҳамкорлик қилиш», шунингдек, миллий хавфсизликка қарши ҳаракатлар ва ҳукуматга қарши ташвиқот учун мос равишда етти ва олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Қизлар 17 ойни панжара ортида ўтказганлар, дея қўшимча қилади радиостанция.

Эрон матбуоти ва маҳаллий журналистлар уюшмалари маҳбусларни озод қилиш ҳақидаги суд қарорини олқишлади. Бироқ, нашрлар маҳкумлар ўзларининг «вақтинчалик» озодлиги учун тўлаган гаров пулининг ҳаддан ташқари кўплигидан норозилик билдиришган.

Ҳамади ва Муҳаммадий 2022 йил сентябрида Маҳса Амини ўлими билан боғлиқ воқеаларни ёритгани учун ҳибсга олинган эди. Эслатиб ўтамиз, бу 22 ёшли Амини ҳижобни «нотўғри» кийгани учун ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан сўнг комага тушиб қолганди ва тез орада вафот этганди.

Оммавий ахборот воситалари вакилларига ҳукм чиқарилгандан сўнг, кўплаб ҳамкасблар эронлик аёлларни қўллаб-қувватладилар. Жумладан, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур жараённи «сўз эркинлиги йўқ қилинганлигининг пародияси ва яққол далилидир» дея атади ва Ислом Республикаси расмийларини қизларни зудлик билан озод қилишга чақирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ