Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг яна бир етакчиси Эрон клубига ўтди

Остон Ўрунов. "Персеполис" матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий ярим ҳимоячиси Остон Ўрунов фаолиятини Эроннинг «Персеполис» клубида давом эттиради. Бу ҳақда клубнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берилди.

Ўрунов эркин агент сифатида «Персеполис»га ўтган. Инсайдер Иван Карповнинг сўзларига кўра, футболчи Эрон жамоаси билан бир ярим йилга шартнома имзолаган ва бу муддат давомида 900 минг доллар ишлаб олади.

«Персеполис»да Ўрунов Тожикистон терма жамоаси ҳимоячиси Ваҳдат Хононов жамоадошига айланади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойи бошида Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё Кубогидаги сардори Жалолиддин Машарипов Эроннинг бошқа бир клуби «Истиқлол» билан шартнома имзолаган эди.

«Персеполис» — Эроннинг энг номдор клубларидан бири ҳисобланади. Бу йил жамоа чемпионликка даъвогарлик қилмоқда ва 15 турдан кейин биринчи ўриндаги «Истиқлол»дан икки очко ортда қолган ҳолда турнир жадвалида учинчи ўринда бормоқда.

Остон Ўрунов «Пахтакор» тарбияланувчиси. Ўзбекистонда «Пахтакор»дан ташқари Наманганнинг «Навбаҳор» ва Тошкентнинг «Локомотив» клубларида тўп сурган. 2020 йили «Уфа» билан шартнома имзолаган. Кейин Москванинг «Спартак» клубига ўтган, аммо жамоада ўз ўрнини топа олмагач, яна «Уфа»га ижарага берилган. Кейинроқ Екатеринбургнинг «Урал» клубига кўчиб ўтган, аммо орадан олти ой ўтиб, 2023 йил бошида Ўзбекистонга қайтиб, «Навбаҳор» билан бир йиллик шартнома имзолайди. Ўрунов шартномани янгиламади. Футболчи Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 25 та ўйин ўтказиб, 5 та гол урган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда «Рассом ва табиат» XL юбилей кўргазмаси бўлиб ўтди

  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор