Душанбе ва Тожикистоннинг бир қатор вилоятлари электр ва иссиқлик таъминотисиз қолди

gtn-pravda.ru сайти фотосурати

1 март куни эрталаб Душанбе шаҳри ва Тожикистоннинг аксарият вилоятлари электр ва иссиқлик таъминотисиз қолди. Бу ҳақда «Азия-плюс» хабар берди.

Тахминан соат 11:10 да мамлакат электр тармоқлари ишдан чиққан. Фуқаролар иссиқлик, ичимлик суви таъминотларида узилишлар содир бўлаётгани, шунингдек, айрим уяли алоқа операторлари томонидан алоқа ва интернет узилиб қолаётганидан шикоят қилишмоқда.

Нашрнинг қайд этишича, мамлакатнинг аксарият ҳудудларида электр энергияси йўқлиги жорий этилган энергия лимити билан боғлиқ бўлиши мумкин.

«Бизга маълум бўлишича, йирик шаҳарлар ва вилоят марказларидан фақат Бохтар шаҳрида электр энергияси бор. ТБАВ [Тоғли Бадахшон автоном вилояти] ҳам электр энергияси билан таъминланган, у маҳаллий гидроэлектр станциялари орқали электр энергиясини истеъмол қилади», — деб ёзади «Азия-плюс».

Нурек ГЭСидаги нашр манбасининг хабар беришича, бу ерда авария юз берган. Бу ҳақда «Sputnik Таджикистан»нинг Тожикистон энергетика мажмуасида ишловчи манбаси маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, «ёмон об-ҳаво туфайли подстанциялар юкламани кўтара олмаган – уч кун давомида кучли қор ёғди, одамлар кўп энергия сарфлаган».

Айни пайтда энергия чеклови аста-секин бутун республика бўйлаб тарқалмоқда. Масалан, Бўстонда ҳар куни соат 08:00 дан 17:00 гача ва 22:00 дан 05:00 гача бўлган вақт оралиғида икки соат давомида электр энергияси ўчирилади. Ҳисорда эса вазият бундан ҳам оғирроқ: ҳокимият ҳар куни соат 08:00 дан 18:00 гача ва 21:30 дан 05:30 гача электр таъминотини тўхтатишга қарор қилди. Сўғдда электр энергияси соат 05:00 дан 08:00 гача ва 18:00 дан 21:30 гача бериляпти.

ℹ️ Тожикистон электр энергиясининг 95% дан ортиғи ГЭСларда ишлаб чиқарилади, ишлаб чиқариш ҳажми мавсумий бўлиб, дарёлардаги сув оқимига боғлиқ. Электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг энг паст даражаси куз-қиш даврида — октябрдан апрел-майгача кузатилади, айни пайтда электр энергиясига бўлган талаб энг юқори. Ёзда 3-7 миллиард кВт / соат миқдорида ортиқча электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума матбуот анжуманида тушунтирганидек, ўтган куз ва қишда ёғингарчилик 2022 йилга нисбатан деярли 95 фоизга кам бўлган. Бу кўпчилик электр станциялари жойлашган Вахш дарёси сатҳида ўз таъсирини ўтказган.

Бироқ, Жума энергия лимити жорий этилишининг асосий сабабини «мамлакат иқтисодиётининг ривожланаётгани, унинг ўсиши 2023 йили 8,3% ни ташкил этган» деб атади. «Бу деярли барча ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожланиб, электр энергиясига бўлган эҳтиёж ортиб бораётганидан далолатдир», — дейди Энергетика вазирлиги раҳбари.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ