Истанбулда Тожикистонда тақиқланган «Гуруҳ-24» ҳаракати етакчиси Суҳроб Зафар ғойиб бўлди

Суҳроб Зафар. hrw.org сайти фотосурати

Тожикистон ҳукуматига мухолиф бўлган «Гуруҳ-24» сиёсий ҳаракати етакчиси Суҳроб Зафар Истанбулда ғойиб бўлди. Бу ҳақда ташкилот сайти хабар берди.

Суҳроб Зафар 10 март куни эрталаб алоқани тўхтатган, телефони ўчирилган. Сўнгги йилларда у кўплаб таҳдидларга дуч келган. «Уни Тожикистонга жўнатиш мақсадида қотиллик ёки ўғирлаш билан қўрқитишган», — дейилади хабарда.

Суҳроб Зафар 2015 йили мазкур ҳаракатнинг асосчиси Умарали Қувватов ўлдирилганидан кейин «Гуруҳ 24»га раҳбарлик қила бошлаган. Ҳаракатнинг амалдаги раҳбари Туркияга 2014 йил октабрь ойида келган. «Ўшандан бери у Туркияда қонуний равишда яшаб келмоқда ва ҳеч қачон бу мамлакат қонунларини бузмаган», — дея таъкидлайди ташкилот.

Шу билан бирга Истанбулда Сухроб Зафар Тожикистон расмийлари талабига биноан бир неча бор ҳибсга олинган. Жумладан, уни 2014 йили Қувватов билан бирга ҳибсга олишган, олти ой ҳибсда сақлашган. Кейин Истанбул суди уларни оқлаган ва озод қилган.

«Кейинчалик у Истанбул полицияси томонидан бир неча бор ҳибсга олинган ва қўйиб юборилган. Тожикистон ҳукумати «Гуруҳ 24» вакилларини Туркиядан депортация қилишга эриша олмаган. Ҳозир Сухроб ўғирлаб кетилган бўлиши мумкин», — дейилади хабарда.

Ҳаракат шу йилнинг 23 февраль куни «Гуруҳ 24»нинг яна бир вакили Насимжон Шарипов Истанбулда ғойиб бўлганини эслатади. Унинг қаердалиги ҳозирча номаълум.

ℹ️ «24-гуруҳ» ижтимоий-сиёсий мухолифат ҳаракати 2012 йили Тожикистонда таниқли тадбиркор Умарали Қувватов томонидан тузилган. 2014 йил октабрь ойида Тожикистон Олий суди қарори билан «Гуруҳ 24» фаолияти экстремистик деб топилган ва республика ҳудудида тақиқланган. Қувватов Тожикистонни тарк этган ва 2014 йилнинг декабридан Туркияда яшаган. У 2015 йил 5 март куни Истанбулда хотини ва болалари кўз ўнгида отиб ўлдирилган.

Тожикистон ҳукумати қочқин мухолифатчилар ва фуқаролик фаолларини қайтариш учун турли чоралар кўрмоқда — кўндиришдан тортиб одам ўғирлашгача. Шундай қилиб, 2022 йил июль ойида Россияда яшаб, Тожикистондаги инсон ҳуқуқлари бузилишини очиқ танқид қилган ака-ука Рамзи ва Ораз Вазирбековлар «Домодедово» аэропортида ўғирлаб кетилган. Улар Душанбега олиб келинган ва кейин узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ