Наманган вилоятида олтита ГЭС ва иккита қуёш электр станцияси қурилиши бошланди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Наманган вилоятида иккита қуёш (фотоэлектрли) электр станцияси ва олтита гидроэлектр станцияси каскади қурилиши бошланди. Лойиҳа Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан рамзий тугмани босиш орқали бошланди.

Энергетик лойиҳаларнинг умумий қуввати 1228 МВт, қиймати 1,1 миллиард доллар бўлиб, уларнинг амалга оширилиши 250 дан ортиқ кишини доимий иш билан таъминлаш имконини беради.

👉 Уйчи туманидаги Норин дарёсида умумий қуввати 228 МВт бўлган олтита гидроэлектр станциядан иборат каскади қурилади. Лойиҳа қиймати 434 миллион доллар бўлиб, «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилади. Бунинг натижасида йилига 1 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, 310 миллион метр куб газ иқтисод қилинади, 430 минг хонадонга электр узатилади.

«Ушбу ГЭС тўлиқ юртимизда ишлаб чиқарилаётган ускуна ва технологиялар ҳисобига қурилади. Яъни у мамлакатимизда «биринчи миллий ГЭС» бўлади», — дея таъкидлади Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

👉 Поп туманида ҳар бири 500 МВт қувватга эга иккита қуёш электр станцияси қурилади. Улардан бири Германиянинг Hyper Partners GmbH компанияси, иккинчисини Бирлашган Араб Амирликларининг Tepelen Group Holding Limited компанияси қуради. Ҳар бир қуёш электр станциясининг қиймати 350 миллион долларга баҳоланган бўлиб, улар йилига 1,095 миллиард киловатт-соат энергия ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. Иккала электр станцияни ҳам жорий йил охиригача тармоққа улаш режалаштирилган.

Мазкур лойиҳалар натижасида Наманган вилоятининг генерация қувватлари 2 141 мегаваттга етади. Йиллик 7,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу эса вилоятнинг электр энергиясига бўлган 5,5 миллиард кВт соатлик талабини тўлиқ қоплайди. Ортган 30 фоиз электр Андижон ва Фарғона вилоятларига йўналтирилади.

ℹ️ Жорий йил бошида Ўзбекистонда «яшил энергия» соҳасида йирик қувватларни қуриш бўйича уч йиллик дастур бошланди. 2027 йилга қадар мамлакатда умумий қуввати 8 ГВт бўлган 28 та йирик қуёш ва шамол электр станцияларини (ФЭС ва ШЭС) ишга тушириш режалаштирилган. 2024 йил охиригача Ўзбекистонда 38 та кичик ва микро ГЭС қуриш режалаштирилган.