Туркманистон ҳукумати Грузия ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади

Шалва Папуашвили ва Рашид Мередов. parliament.ge сайти фотосурати

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва республика Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов Грузия ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади. Бу ҳақда президент ва ТИВ раҳбари Грузия парламенти спикери Шалва Папуашвили билан учрашувда маълум қилди.

«Сердар Бердимуҳамедов Грузия суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сўзсиз қўллаб-қувватлашини тасдиқлади», — дейилади Грузия парламентининг расмий сайтида.

Ўз навбатида Папуашвили Ашхободда Шота Руставели ҳайкали очилгани учун президентга миннатдорлик билдириб, унинг икки халқ ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашдаги ролини алоҳида таъкидлади.

Папуашвили билан учрашувда Мередов ҳам Грузия ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган ва грузияликларга Туркманистонни халқаро платформаларда қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорчилик билдирган. «Иккала томон минтақавий тинчлик ва барқарорлик муҳимлигини таъкидлади», — дея хабар беради Грузия парламенти матбуот хизмати.

Таъкидлаш лозим, Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигининг Папуашвилининг Сердар Бердимуҳамедов ва Рашид Мередов билан учрашувлари якунлари бўйича расмий баёнотларида Туркманистон расмийларининг Грузия ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаши ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Учрашувларда сиёсатдан ташқари турли соҳалар, жумладан, савдо-иқтисодий, энергетика, туризм ва маданият соҳаларида эришилган ютуқлар ва ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган. Халқаро транспорт ва транзит йўлаклари, хусусан, «Лазуит» ва «Қора денгиз – Каспий денгизи» транспорт йўналишлари доирасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган. Қора денгизда сув ости кабелини қуриш лойиҳаси мавзуси кўтарилган.

Ашхободга ташриф Шалва Папуашвили бошчилигидаги Грузия парламент делегациясининг Марказий Осиёга расмий сафари доирасида амалга оширилмоқда.

ℹ️ Абхазия ва Жанубий Осетия ўлкалари 1990-йиллар бошида Грузиядан мустақиллигини эълон қилган. Қуролли тўқнашувлар бошланган, бунинг натижасида ўзини ўзи мустақил эълон қилган республикалар ўз ҳудудлари устидан тўлиқ назоратни сақлаб қолган. 2008 йили Грузиянинг минтақалар устидан назоратни тиклашга бўлган муваффақиятсиз уринишидан сўнг Абхазия ва Жанубий Осетия Россия томонидан расман тан олинган эди. Бошқа бир қанча давлатлар РФдан ўрнак олишган, аммо бундай қарор халқаро миқёсда оммавий қўллаб-қувватланмаган. Грузия ҳукумати Абхазия ва Жанубий Осетияни ҳамон ўз ҳудудининг бир қисми деб билади.

ℹ️ Эслатиб ўтамиз, Туркманистон ва Грузия президентларининг 2014 йили қабул қилган қўшма баёнотида ҳам уларнинг икки давлат ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга содиқ экани ҳақида сўз борган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди