Қирғизистон парламенти спикери интернетда чет тилидаги контентларни блоклашни талаб қилди

Нурланбек Шакиев. Қирғизистон парламенти матбуот хизмати видеосидан кадр

Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти) спикери Нурланбек Шакиев интернетда хорижий тиллардаги контентларни блоклаш зарурлигини айтди. Бу ҳақда Kaktus.media хабар берди. Шакиевнинг фикрича, чет тилидаги контентларни тақиқлаш қирғиз тилини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга ёрдам беради.

Спикер Жогорку Кенеш йиғилишида «Қирғизистон Республикасида ҳалол саноати тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида «тил» мавзусини кўтарди. Шакиев арабча «ҳалол» сўзини қирғизча «адал» сўзига алмаштириш кераклигини таъкидлади.

«Нега биз ҳамма нарсани арабчалаштиряпмиз? Ҳалол эмас, адал бўлиши керак. Биз ҳатто исмларимизни арабчалаштиряпмиз. Бизда қирғизча яхши номлар кўп. Масалан, Бахит, Таалай, Элмурза, Улукбек, Балбак, Чўлпон. Нега биз уларни ишлатмай, арабча исмларни ишлатамиз? Тез орада ўзимизнинг қирғизча исмлар йўқолиб кетади.
Қишлоқларда болалар рус тилида гаплашади, чунки телефонларида рус тилидаги контентни кўришади, қирғиз тили йўқолиб бормоқда. Ҳаммасини қирғиз тилида қилиш керак. Рус ва хорижий тиллардаги барча дастурлар, мультфильмларни блоклаш керак», — дейди Шакиев.

Депутат Марлен Маматалиев спикерга стандарт номини ўзгартириб бўлмаслигини тушунтирди, чунки «халқаро стандартлар мавжуд, масалан, ISO. Агар биз [стандартни] қирғизча номласак, уни ҳеч қандай тарзда таржима қилолмаймиз ва маҳсулотимиз мамлакат ташқарисига чиқолмайди», — деди депутат.

Эслатиб ўтамиз, парламент матбуот хизмати хабарида спикернинг чет тилидаги контентларни блоклаш зарурлиги ҳақидаги сўзлари бироў юмшатилган тарзда берилган.

«Вазирлар Маҳкамаси имкон қадар тезроқ болалар учун қизиқарли бўлган контентларни қирғиз тилига таржима қилиши, керак бўлса, бошқа тиллардаги болалар видеоларини ҳам чеклаш керак. Тилимизни бугун сақламасак, 10-15 йилдан кейин уни бутунлай йўқотиб қўямиз. Бу катта ва жиддий эътибор талаб қиладиган масаладир», — дея Шакиевнинг сўзларидан иқтибос келтиради матбуот хизмати.

ℹ️ 2023 йил июль ойида Қирғизистонда давлат тили тўғрисидаги қонун қабул қилинди, унга кўра барча давлат хизматчилари қирғиз тилида гаплашиши шарт. Қайд этилишича, «Қирғизистон Республикаси ўз ҳудудида яшовчи барча миллат вакилларининг ўз тилларидан эркин фойдаланиши тамойилига амал қилади ва бу тилларнинг ривожланиши учун шарт-шароит яратилишини кафолатлайди. Қирғизистон Республикасининг ҳар бир фуқароси ўз она тилини сақлаш, ўрганиш ва ривожлантириш учун шарт-шароит яратишга ҳақли».

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди