Бишкек ИЭСда юз берган авариядан кўрилган зарар 69 млн сўмга, реконструкция ишлари 250 млн долларга баҳоланди

БИШКЕК ИЭС АВАРИЯДАН СЎНГ. ECONOMIST.KG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Жорий йил 2 февралига ўтар кечаси Бишкекдаги иссиқлик электр станциясида юз берган авариядан кўрилган зарар дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 69,6 миллион сўмни (782 минг доллар) ташкил қилади. Бу ҳақда 11 апрель куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ИЭС директори Алпбек Садиров маълум қилди, дея хабар беради «Кабар».

Матбуот анжуманида Бишкек иссиқлик электр станциясидаги авария сабабларини аниқлаш бўйича идоралараро комиссия ишининг натижалари тақдим этилди. Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Бахит Торобоев 2 февралга ўтар кечаси ИЭСда содир бўлган воқеалар хронологияси билан таништирди.

«1 феврал куни Бишкек ИЭСида 11 та қозон ва 7 та турбо агрегатлар 435 мегаватт қувват ишлаб чиқарган.

22.57 да станция смена бошлиғи кўрсатмасига кўра 18-сонли қозонхона тўҳтатилган-марказий диспетчерлик хизмати билан келишилмаган ҳолда.

2 февраль куни соат 02.45 да 18-сонли қозонхонани яна ёқишга буйруқ берилган.

02.45 дан 02.54 гача оператор ҳаво таъминоти ва параметрларини созлайди, кейин газ горелкасини очади ва қозонни ёқади.

02.58 да қозондаги босимнинг кескин пасайиши кузатилади, бу эса тангликка олиб келади.

02.59 да 18-сонли тегирмонда портлаш содир бўлади.

Авариядан сўнг иссиқлик электр станциясининг бутун эски блоки ўчирилган, иссиқ сув ҳарорати 70 дан 30-40 даражагача пасайишни бошлаган, — дея Тўробоев сўзларидан келтиради 24.kg.

Ҳукумат раиси ўринбосарининг сўзларига кўра, Бишкекдаги марказий иситиш тизими фаолиятини сақлаб қолиш учун бир қатор туманларда иссиқ сув таъминотини ўчиришга тўғри келган. Шу куни ИЭСда реставрация ишлари бошланган, уларнинг бир қисми бугунги кунгача давом этмоқда. Ҳозирда иссиқлик электр станцияси белгиланган юк ва ҳарорат меъёрларини сақлаб, нормал режимда ишламоқда.

«Комиссия иш натижаларига кўра, Энергетика вазирига танбеҳ бериш тўғрисида қарор қабул қилинди, унинг ўринбосарига қаттиқ танбеҳ берилди, энергетика корхонасининг масъул ходимларига нисбатан интизомий чоралар кўрилди», — дея хулоса қилади Тўробоев.

Идоралараро комиссия аъзоси, Табиий ресурслар, экология ва техника назорати вазирлиги ҳузуридаги Экология ва техник назорат хизмати саноат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Болот Ибраев Бишкек иссиқлик электр станциясини реконструкция ва модернизация қилиш учун 150 миллион долларга яқин маблағ талаб қилинишини маълум қилди. 21-сонли қозон агрегатини тиклаш ва 5-сонли турбогенераторни алмаштириш учун – тахминан яна 100 млн доллар керак бўлади.

«Бу иш тахминан уч йил давом этади. Ҳозир биз молиялаштириш ва сармоя манбаларини қидирмоқдамиз», — дея мулозим сўзларидан иқтибос келтиради Кaktus.media.

ℹ️ Бишкек ИЭС Қирғизистон пойтахтидаги ягона иссиқлик ва электр энергияси билан таъминловчи станция ҳисобланади. 2 февралга ўтар кечаси унда портлаш содир бўлган. Беш киши жабрланган, улардан уч нафари касалхонага ётқизилган. Бахтсиз ҳодиса натижасида 60 мингга яқин хонадон аҳли бир неча кун совуқ радиаторлар ва иссиқ сувсиз қолиб кетган. Бишкекдаги мактаблар ва болалар боғчалари онлайн таълимга ўтказилган. Шаҳарда иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти 7 февраль куни тўлиқ тикланган. Яна икки кундан сўнг, ҳукумат объектдаги авария асоратларини тугатиш ишлари якунланганини эълон қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди