Жапаров парламент спикерининг чет тиллардаги интернет контентларни тақиқлаш ҳақидаги чақириғига изоҳ берди

factcheck.kg сайти иллюстрацияси

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат парламенти спикери Нурланбек Шакиевнинг чет тилидаги интернет контентларини блоклаш ташаббусига изоҳ бераркан, депутатнинг сўзлари унинг шахсий фикри эканни ва бу республиканинг давлат сиёсатига тўғри келмаслигини таъкидлади. Бу ҳақда «Кабар» ахборот агентлиги хабар берди.

Жапаров кўплаб сиёсатчилар қатори қирғиз тилини ривожлантириш ғояларини қўллаб-қувватлашини айтди. Шу билан бирга, у БМТнинг расмий тиллари қаторига кирувчи рус ва инглиз тилларидан воз кечишга ҳожат йўқ, деб ҳисоблайди.

Президентнинг аниқлик киритишича, рус тилисиз нафақат МДҲда, балки АҚШ, Европа ва бошқа мамлакатларда ҳам ишлаш мумкин эмас – халқаро тадбирларда кўплаб сўзлашувчилар рус тилида гаплашади, синхрон таржима эса худди шу тилда амалга оширилади. Қирғизистон раҳбари инглиз тили дунёда кенг қўлланилишини қўшимча қилди.

«Мен ҳар доим Таълим вазирига айтаман: «Иложи бўлса, икки тилда дарс берадиган ўқитувчиларни қидиринг». Ва битта ўқитувчи рус ва инглиз тилларида дарс бера олса яхши бўларди», — деди президент.

У мамлакатда, айниқса, қишлоқларда рус тили ўқитувчилари етишмаслигини таъкидлади. Кўпчилик болалигидан бери рус тилида гаплашмайди ва улар Россияга келганларида муаммоларга дуч келишади. Жапаровнинг қўшимча қилишича, айнан шунинг учун у Владимир Путиндан республикада 9 та рус тилидаги мактаб қуришни сўраган. Уларни қуриш ишлари яқин кунларда бошланади.

Давлат раҳбари, шунингдек, агар кимдир Қирғизистонда инглиз тилидаги мактаблар қурмоқчи бўлса, унинг учун «эшикларимиз доим очиқ», деди. Одамлар қанча кўп тил билса, дунёқараши шунчалик кенг бўлади, дея хулоса қилди сиёсатчи.

«Рус ва инглиз тилларисиз ёшларимиз Қирғизистон чегарасидан ташқарига чиқа олмайди. Шунинг учун биз ҳеч қачон бошқа тилларга қарши бўлмаслигимиз керак», — деди Жапаров.

Унинг фикрича, қирғиз тили ҳеч қачон ўлмайди, у ривожланади ва абадий яшайди.

Президент парламент спикерининг арабча номлардан фойдаланмаслик ҳақидаги ғоясига ҳам эътибор қаратди.

«Фарзандларига қандай исм қўйиш ҳар кимнинг ўз иши. Асосийси, қалбда, юракда қирғиз бўлиб қолишдир»,деди Жапаров.

ℹ️ 11 апрель куни Жогорку Кенеш (парламент) йиғилишида Нурланбек Шакиев «тил» мавзусини кўтариб, интернетда хорижий тиллардаги контентларни блоклашни таклиф қилди. Жумладан, у рус тилидаги мультфильмлар ва бошқа дастурлар туфайли қирғиз тили йўқолиб бораётганидан, 10-15 йилдан кейин бу тил бутунлай йўқолиб кетиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди