Андрей Канчельскис ЦСКАни Аббос Файзуллаевни U-23 Осиё кубогига қўйиб юборишга чақирди.

Аббос Файзуллаев. ivesport.ru сайти фотосурати

Илгари Россия терма жамоаси ва Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клуби футболчиси, ҳозирда Қирғизистоннинг «Мурас Юнайтед» клуби бош мураббийи Андрей Канчельскис «Фарғона» мухбири билан суҳбатда ЦСКА ярим ҳимоячиси Аббос Файзуллаевни U-23 Осиё Кубогида Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида ўйнаши учун қўйиб юборишига ишонч билдирди.

«Албатта, қўйиб юборишлари керак. Бу терма жамоа ўйини. Шартномада кўрсатилган бўлиши керак. Гап Олимпия ўйинларига саралаш ҳақида бормоқда ва бу энг юқори даража ҳисобланади. Терма жамоа – мамлакат юзи, обрўси. Аббоснинг ўзи ҳам Европа клублари эътиборини тортиш учун ўзини янада яхши кўрсатиши мумкин. Биз уни бу имкониятдан маҳрум қила олмаймиз», — дейди Канчельскис.

«Агар клубда муносиб, малакали инсонлар ишласа, улар уни қўйиб юборишларига ва турнирда омад тилашларига шубҳам йўқ. Ўйлайманки, ЦСКАда Ўзбекистон терма жамоасининг Париждаги Олимпия ўйинларига йўлланма олишига ёрдам бериши учун Аббосни қўйиб юборадиган ақлли одамлар бор», — дейди мутахассис.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг аризаси эълон қилинган бўлиб, унда хорижда тўп сураётган бир нечта асосий футболчилар киритилмаганди. Улар орасида Аббос Файзуллаевдан ташқари, «Ал-Ваҳда» (БАА) вакили Хожимат Эркинов ва французларнинг «Ланса»сидан Абдуқодир Хусановлар бор. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе ва ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматовнинг айтишича, клублар билан музокаралар давом этмоқда. «Футболиум» ТГ каналининг аниқлик киритишича, аризага ўзгартиришлар жамоанинг 17 апрель куни бўлиб ўтадиган U-23 Осиё Кубогидаги илк ўйини бошланишига олти соат қолганда киритилиши мумкин.

Агар ЦСКА Аббосни қўйиб юборса, Файзуллаев 24 апрелгача армия жамоасига ёрдам бера олмайди — агар Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳдан чиқа олмаса. Агар Ўзбекистон терма жамоаси ҳеч бўлмаганда ярим финалга йўлланма олса, ЦСКА Москва «Спартак»и билан принципиал учрашувни ҳисобга олган ҳолда 5 та ўйинда Файзуллаевсиз қолади. Назарий жиҳатдан, Аббос аризага киритилиши мумкин, аммо терма жамоага фақат плей-офф босқичида қўшилади. Шунда ЦСКА учта ўйинда Файзуллаевга умид боғлай олмайди.

15 апрелдан 3 майга қадар Қатарда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги бўлиб ўтади. Турнирда 16 та жамоа, жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистон жамоалари иштирок этади. Мусобақа совриндорлари 2024 йили Парижда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига йўлланма олади. Тўртинчи энг яхши жамоа Африка вакили билан плей-офф ўйинида яна бир йўлланма учун ўйнайди.

ℹ️ Аббос Файзуллаев «Пахтакор» тарбияланувчиси бўлиб, у билан уч карра Ўзбекистон чемпиони бўлган. 2023 йил августида у Москванинг ТЦСКА клубига ўтган ва у ерда жамоа етакчиларидан бирига айланган: РПЛнинг 16 ўйинида у 3 та гол ва 6 та голли узатмани амалга оширган. Аббос Россия кубоги доирасидаги 7 учрашувда яна 3 та голли узатмани амалга оширган. Файзуллаев Ўзбекистон ёшлар ва асосий терма жамоаларининг асосий футболчиси ҳисобланади, у ўйинларда 15 та ўйин ўтказиб, 4 та гол урган ва 1 та голли узатмани амалга оширган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди