Қирғизистонда Қўлбаев ва Матраимовнинг 6,2 миллион долларлик мулклари кимошди савдосига қўйилди

fikiwiki.com сайти фотосурати

Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш давлат агентлиги (ДМБДА) ўтган йил октабрь ойида ўлдирилган криминал авторитет Қамчибек Қўлбаев ва божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг кўчмас мулкларини кимошди савдосига қўйди. Савдога қўйилган объектлар уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш доирасида давлат мулкига ўтказилган. Лотлар тавсифи ДМБДА расмий сайтида эълон қилинган.

Бишкек, Ўш, Жалолобод ва Чуй вилоятларидаги жами 10 та кўчмас мулк объектлари тақдим этилган бўлиб, уларнинг умумий бошланғич баҳоси 556 309 300 сўм (6,24 миллион доллар). Лотларга квартиралар, ер участкалари ва тижорат кўчмас мулки киради.

Энг юқори бошланғич баҳога эга бўлган лотлар: Чўлпон-Отадаги 399 сотих (1,6 миллион доллар) курорт-рекреацион ҳудуд, Ўш шаҳрида қурилаётган турар-жой мажмуасидаги 1400 квадрат метрлик бинолар (1,68 миллион доллар), шунингдек, ер участкаси. Чуй вилоятида қурилишга ажратилган 53 гектар (1,03 миллион доллар) ер майдони.

Бундан ташқари, рўйхатга қуйидагилар киради:

👉 Бишкек шаҳридаги 244,5 сотих (654,7 минг доллар) ер участкаси;

👉 умумий фойдаланишга яроқли майдони 181,1 кв.м бўлган Бишкекдаги нотурар жой (433 минг доллар);

👉 Чўлпон-Ота шаҳрида қурилиши тугалланмаган биноларга эга 2 гектар ер участкаси (422 минг доллар);

👉 Бишкек шаҳридаги 6 сотих ер участкаси (200 минг доллар);

👉 Ўй шаҳридаги 57,80 кв. м мансард майдонига эга 51,9 кв. м бир хонали квартира (91,8 минг доллар);

👉 Чуй вилоятидаги 8 сотих ер участкаси (70 минг доллар);

👉 Ўш шаҳридаги 60,5 кв.м икки хонали квартира (56 минг доллар).

ℹ️ Райимбек Матраимов 2015 йилдан 2017 йилгача божхона хизматида ишлаган. 2020 йили у жиноий ишда айбланувчига айланади. 2021 йил 11 февралда «Коррупция» моддаси билан судланган. Амалдор тергов билан келишув тузиб, давлатга 2 миллиард сўм (24 миллион доллар) тўлагани туфайли қамоқдан қутулиб қолган.

Кейинроқ МХДҚ унга нисбатан жиноий даромадларни легаллаштириш айби билан иш қўзғатган, бунга журналистларнинг суриштирув материаллари сабаб бўлган. Улар, жумладан, Матраимовнинг Дубайда қимматбаҳо мулки борлигини айтишган, бироқ разведка хизмати бу маълумотни тасдиқлай олмаган. Шу йилнинг март ойида Матраимов Бокуда қўлга олиниб, Бишкекка олиб келинганди.

ℹ️ Қамчибек Қўлбаев Қирғизистондаги энг машҳур криминал босслардан бири бўлган. АҚШ разведка идоралари уни дунёдаги энг йирик наркобаронлар рўйхатига ва Қўшма Штатлардаги мол-мулки мусодара қилиниши керак бўлган собиқ СССР мамлакатларининг 10 та жиноят раҳбарлари қаторига киритган. Қўлбаевни ҳибсга олиш ёки унинг уюшган жиноий гуруҳининг «молиявий оқимини бузиш»га ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллар мукофот эълон қилинган. Қўлбаев 4 октабрь куни Бишкекда хавфсизлик кучлари томонидан ўтказилган махсус операция чоғида ўлдирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ