Россия Хитойга газ етказиб бериш бўйича Туркманистонни ортда қолдирди

interfax.ru сайти фотосурати

2024 йил февраль ойи ҳолатига кўра, Россиянинг «Газпром» корпорацияси Хитойга қувур орқали энг йирик газ етказиб берувчисига айланган. Россияликлар узоқ вақтдан бери илк бор Туркманистонни қувиб ўтишди, деб ёзади «Интерфакс» Хитой Халқ Республикаси Божхона бошқармасига таяниб.

Шу билан бирга, агентлик РФ Хитой бозорида бир неча ойдан буён нафақат қувур газини экспорт қилиш, балки суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича ҳам етакчи бўлиб келаётганини таъкидлайди. Агар биринчи ҳолатда «Газпром» Туркманистондан олдинда бўлган бўлса, иккинчи ҳолатда Австралияни қувиб ўтган.

Расмий статистик маълумотларга кўра, февраль ойида Россия корпорацияси Хитойга 2,5 миллиард куб метр газ экспорт қилган, Туркманистон — тахминан 2,4 млрд. Таъкидланишича, Марказий Осиё республикасидан газ етказиб бериш январь ойидаги кўрсаткичларга нисбатан кунига 82 миллион куб метрга камайган.

Россия газ етказиб бериш ҳажмини февраль ойида Хитойга газ экспортини бутунлай тўхтатган Ўзбекистон ҳисобига ҳам оширган. Қиш фаслида ҳароратнинг кескин совиши сабабли Тошкент ички истеъмолчиларни иссиқлик билан таъминлаш учун қўшимча энергия ресурсларига муҳтож бўлган.

Умуман олганда, жорий йил февраль ойида Хитой турли мамлакатлардан 5,34 миллиард куб метр табиий газ сотиб олган, бу 2023 йилнинг худди шу ой кўрсаткичидан 17 фоизга кўп бўлган.

Бундан ташқари, Пекин суюлтирилган газ импортини оширган ва бу борада дунёдаги энг йирик харидорга айланган. Шундай қилиб, февраль ойида суюлтирилган газ етказиб бериш ҳажми 24 фоизга ошиб, 8,64 миллиард куб метрга етган. Бунда Хитойга ресурсларни етказиб берувчилар Австралия, Қатар, Малайзия, Россия ва АҚШ ҳисобланади.