Эрон диаспоралари машҳур рэпернинг ўлим жазосига ҳукм қилинганига қарши норозилик намойишлари ўтказди

Тумаж Солеҳий. baku.ws сайти фотосурати

Дунёнинг кўплаб шаҳарларида Эрон диаспораси вакиллари ўтган ҳафта эронлик машҳур рэпер Тумаж Солехийга (Toomaj Salehi) нисбатан чиқарилган ўлим жазосига қарши намойишларда иштирок этди. Намойишларни Iran International ахборот агентлиги кузатиб бормоқда.

Журналистларга кўра, эронликлар шаҳарларнинг марказий кўчаларига чиқишган ёки Ислом Республикаси дипломатик ваколатхоналари яқинида тўпланишган. Фаоллар мусиқачини озод қилишни ва унга нисбатан жиноий таъқибни тўхтатишни талаб қилишган.

Акциялар Лондон, Вена, Брюссел, Милан, Франкфурт, Даниянинг Орхус, Швециянинг Мальме ва Готенборг, Канаданинг Монреал ва Торонто шаҳарларида бўлиб ўтгани маълум. Бундан ташқари, Эроннинг ўзида ҳам шунга ўхшаш намойишлар бўлиб ўтмоқда.

Агентликнинг қўшимча қилишича, Солеҳийнинг ҳукмини эронлик режиссёрлар Жафар Панаҳий ва Муҳаммад Расулоф қоралаб, ўлим жазоси ўрта асрларнинг ваҳший кўриниши эканини таъкидлаб, «бизнинг бурчимиз ўз ҳаракатсизлигимиз билан Эрон ўғлининг қалбини синдирмасликдир», деган.

ℹ️ Тумаж Солеҳий ўз қўшиқларида тез-тез долзарб ижтимоий муаммоларни кўтаради ва режимни танқид қилади. 2022 йили у Маҳса Амини ўлимидан сўнг Эронни қамраб олган «Аёл, ҳаёт, эркинлик» шиори остидаги ҳукуматга қарши намойишларда фаол иштирок этган. Шу билан бирга, мусиқачи ҳибсга олинган ва тез орада унга олти йилу уч ой қамоқ жазоси берилган. Қайд этилишича, бу қарор Ислом Республикаси Олий суди томонидан қабул қилинган.

Бироқ, 24 апрель куни Исфахон шаҳар суди олий суд ҳукмини эътиборсиз қолдириб, Солеҳийни ўлим жазосига ҳукм қилди. Ушбу қарор ҳали кучга киргани йўқ ва рэпернинг адвокати албатта ҳукм устидан шикоят қилишини айтган.

ℹ️ Маҳса Амини Курдистон вилоятида истиқомат қилувчи 22 ёшли қиз бўлган. У 2022 йил 13 сентябрь куни Теҳрон ахлоқ полицияси томонидан ҳижобни «нотўғри кийганликда» айбланиб ҳибсга олинганидан кўп ўтмай вафот этган. Полиция қизнинг ўлими бахтсиз ҳодиса эканини таъкидлаган. Бироқ, унинг қариндошлари бунга рози бўлишмаган. Аминининг дафн маросимидан сўнг унинг туғилиб ўсган шаҳри Саккезда норозилик намойишлари бошланиб кетган ва кейинчалик Ислом Республикасининг барча йирик шаҳарларига тарқалган. Норозилик бутун кузда давом этган.

Хавфсизлик кучлари 20 мингга яқин намойишчини ҳибсга олган. Кейинчалик уларнинг айримларига ўлим жазоси берилгани маълум бўлди.