Қозоғистонда бир миллиард куб метрга яқин тошқинлар суви Каспий денгизига йўналтирилди

www.gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистоннинг сув тошқинларидан жабр кўрган вилоятларидан 1 миллиард куб метрга яқин сув Каспий денгизига йўналтирилди, деб хабар беради республика Сув хўжалиги ва ирригация вазирлигининг матбуот хизмати.

Бунинг учун тўртта каналдан фойдаланилган: Баксай, Норин, Черная Речка ва Соколок. Умуман олганда, улар кунига 12 миллион куб метргача сув ўтказиши мумкин. Каналларнинг ҳар бирида «Казводхоз» мутахассислари тозалаш, мустаҳкамлаш ва бошқа ишларни амалга оширишган. Масалан, Соколок канали бўйлаб қўшимча 14,5 км узунликда канал қазилган бўлиб, у орқали ҳам сув Каспий денгизига йўналтирилади, дейилади хабарда.

«Шунингдек, биз Жайиқ дарёсидан сувни денгиз оқими бўйлаб йўналтирамиз. Ойил дарёсининг сувлари эса оқимлардан ташқари ер ости сувлари конларига юборилади. Илгари биз Балхаш кўлига сув юбориб, унинг сатхини 15 см га оширганмиз, Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Қамиш-Самар кўлларига, Улитовдан Қизилўрда вилояти кўлларига сув жўнатиб, Оқмўла вилояти кўлларини тўлдирганмиз. Кўлларни тошқин сувлари билан тўлдириш бизнинг бирламчи вазифаларимиздан биридир», — дейди Сув хўжалиги ва ирригация вазири Нуржон Нуржигитов.

Март ойи охиридан бери Қозоғистонда сўнгги 80 йилдаги энг йирик сув тошқинлари кузатилмоқда. Бир қатор вилоятларда фавқулодда ҳолат эълон қилинган, ўн минглаб қозоғистонликлар уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Ҳозирда эвакуация марказларида 6338 киши қолмоқда. Айни пайтда Каспий денгизининг шимолий қисмига қуйиладиган Урал дарёсининг сатҳи кўтарилишда давом этмоқда. «Казгидромет» прогнозларига кўра, 3 май куни Атирау вилоятида (мазкур дарё оқиб ўтадиган жой) сув тошқинларининг иккинчи тўлқини кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ