Қирғизистон жанубида кичик юк машинаси 29 болани уриб юборди, уларнинг етти нафари реанимацияда

Видеодан кадр

2 май куни Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида Porter юк машинаси бир гуруҳ болаларни уриб кетди. Оқибатда 9 ёшдан 16 ёшгача бўлган 29 нафар мактаб ўқувчиси турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган, улардан 4 нафарининг аҳволи оғир. Бу ҳақда Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, 24.kg хабар берди.

«Етти бола реанимацияда, тўрт нафарининг аҳволи оғир. Уларда мия ва қорин бўшлиғи шикастланган. Даволаш жараёнини шахсан назоратга олдим, онлайн консультациялар олиб боряпмиз. Барча керакли дори-дармонлар ва қон мавжуд. Ўз кучимиз билан эплаяпмиз», — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Алимқодир Бейшеналиев.

Унинг сўзларига кўра, жароҳатланган болалар ётқизилган шифохоналарга дори-дармонлар ва қон захиралари ортилган тиббиёт самолёти етиб келган.

Авария юз берган пайтда вилоятдаги бир қанча мактаб ўқувчилари «Манас» достонидан парчалар ўқиб, концерт дастурида иштирок этаётган бўлган. Жалолобод вилояти ИИБ маълумотларига кўра, Жерге-Таль қишлоғида яшовчи 48 ёшли Ж. Б. Hyundai Porter русумли юк машинасини тепаликка тўхтатиб қўйган, бироқ у тасодифан ҳаракатланиб, пастдаги болалар устига бостириб келган.

«Porter ташриф буюрганларга музқаймоқ тарқатиши керак бўлган. Ҳайдовчининг сўзларига кўра, у машинани тадбир бўлиб ўтаётган жойдаги тепаликка тўхтатган. Машина нима сабабдан юриб кетган ва болаларни уриб юборгани ҳозирча номаълум»,дея таъкидлайди полиция бўлими.

Воқеа бахтсиз ҳодиса сифатида баҳоланмоқда.