Қозоғистон ИИВ собиқ раҳбари икки ойга ҳибсга олинди

Ерлан Турғумбаев. Inbusiness.kz сайти фотосурати

Остона ихтисослаштирилган тергов суди Қозоғистоннинг собиқ Ички ишлар вазири Ерлан Турғумбаевни икки ойга ҳибсга олди, деб хабар беради Бош прокуратура матбуот хизмати.

Қарор 30 апрель куни қабул қилинган — шу куни Турғумбаевнинг ҳибсга олингани маълум бўлганди. У оғир оқибатларга олиб келган ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айбланмоқда (Қозоғистон Жиноят кодексининг 362-моддаси 4-қисми). Бош прокуратура тергов тафсилотларини ошкор қилмаган, бу ишда фақат давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар борлигини кўрсатган.

Собиқ вазирга нисбатан иш очиш ҳақида биринчи марта март ойи охирида гаплар тарқалганди. ORDA.kz манбасига кўра, Турғумбаев «Қонли январь» воқеалари бўйича терговнинг «иккинчи тўлқини»га киритилган.

Турғумбаев 2019 йил февралидан Ички ишлар вазирлигини бошқарган ва январь воқеаларидан кўп ўтмай – 2022 йил 25 февралида лавозимидан озод этилган, аммо узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган юқори мартабали МХҚ ходимларидан фарқли ўлароқ, у «тергов орбитасига» тушмаганди.

2022 йил 17 августигача тахминан олти ой давомида Турғумбаев президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаган, шунингдек у Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси маслаҳатчиси сифатида ҳам қайд этилган.

«Январь иши» бўйича айбланувчилардан бири, Миллий хавфсизлик қўмитасининг 5-департаменти собиқ бошлиғи Руслан Искаков аввалроқ айнан Турғумбаев Олмаотага ҳужум қилган 20 мингга яқин жангари ҳақида президентга нотўғри маълумот берганини айтган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ