АҚШ Қирғизистоннинг икки компаниясини Россияга қарши санкциялар рўйхатига киритди

АҚШ Молия вазирлиги. dailymoscow.ru сайти фотосурати

Ғарб давлатлари томонидан Россияга қарши киритилган санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бераётган фуқаролар ва компанияларга нисбатан чекловлар жорий этилган янги рўйхатга Қирғизистоннинг икки компанияси киритилди. Булар «ПРОФФЛАБ» ва «ТРО Я» бўлиб, бу ҳақда АҚШ Молия вазирлиги сайтида эълон қилинган ҳужжатда сўз юритилади.

Ушбу компаниялар Россияга мамлакат мудофаа саноати учун муҳим бўлган товарларни ва икки мақсадли маҳсулотларни, шу жумладан РФ қурол тизимлари таянаётган муҳим таркибий қисмларни жўнатишни давом эттирмоқда, дея тушунтиради АҚШ Давлат департаменти.

Жумладан, «ПРОФФЛАБ» АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, Россияда жойлашган компанияларга Америкада ишлаб чиқарилган электрон компонентларни етказиб бермоқда. 2024 йил февраль ойида компания Америка станоклари, улар учун эҳтиёт қисмлар ва электроникани синаш учун ускуналар сотиб олиш ва етказиб бериш орқали Россия Федерациясининг саноат секторини қўллаб-қувватлаётгани учун АҚШ Савдо вазирлиги ташкилотлари рўйхатига киритилган.

«ТРО Я» россиялик фойдаланувчиларга, шу жумладан АҚШда рўйхатдан ўтган Россиянинг OCEAN ELECTRONICS LIMITED LIABILITY COMPANY компаниясига микроэлектроника етказиб беради. 2023 йил май ойида «ТРО Я» экспорт назорати бузилаётгани учун Савдо департаментининг юридик шахслар рўйхатига киритилган.

Янгиланган санкциялар рўйхатига 280 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахслар, жумладан, Хитой, Туркия, Озарбайжон, Белгия, БАА, Сингапур ва Малайзиянинг бир нечта компаниялари киритилган.

ℹ️ 2023 йил декабрь ойида чет эллик мижозлар, шу жумладан россияликлар учун маҳсулотларни етказиб бериш, логистика ва божхона расмийлаштируви бўйича тўлиқ хизматларни кўрсатувчи Қирғизистоннинг Weitmann Handeln Allianz (Weitmann) компанияси санкциялар рўйхатига киритилганди. Компания Россияга маълумотларни автоматик қайта ишловчи компьютерлар ва дискли хотира қурилмаларининг юзлаб партияларини юборган.