Ишсиз қозоғистонликларга сув босган ҳудудларда уй-жой қуриш ишлари таклиф қилинди

ҚР ФВВ матбуот хизмати фотосурати

Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги сув тошқинидан жабр кўрган ҳудудлардаги ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш мақсадида «Бирга қурамиз!» лойиҳасини илгари сурди, дея хабар беради вазирлик матбуот хизмати.

Ишламоқчи бўлганларга уй-жой қуриш ва инфратузилмани тиклаш таклиф этилади. Қурилиш компаниялари учун бўш иш ўринларини Электрон меҳнат биржасида (Enbek.kz) кўриш мумкин, бу ерда махсус лойиҳа платформаси пайдо бўлган. Ҳозирда унда 42 та бўш иш ўринлари эълон қилинган.

«Ҳозирда иш берувчилар ва бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар базасини кенгайтирмоқдамиз. Айтиш жоиз, вилоятларда ҳам малакали мутахассислар, ҳам махсус маълумотга эга бўлмаган одамлар талаб этилади», — дейди ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Светлана Жакупова.

Сув тошқинлари Оқмола, Ақтўбе, Атирау, Ғарбий Қозоғистон, Қўстанай, Павлодар ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида аҳоли ва инфратузилма объектларига зарар етказди, дея эслатади вазирлик. Айнан шу ҳудудларда ишсиз одамлар иш билан таъминланади. Шу билан бирга, «Бирга қурамиз!» лойиҳаси доирасидаги бўш иш ўринлари ҳозирча Шимолий Қозоғистон, Қўстанай ва Павлодар вилоятларида бор.

Март ойининг охиридан бери Қозоғистонда сўнгги 80 йилдаги энг йирик сув тошқинлари кузатилмоқда. Бир қатор вилоятларда фавқулодда ҳолат эълон қилинган, ўн минглаб қозоғистонликлар уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Ҳозиргача 5 мингдан ортиқ киши вақтинчалик бошпана марказларида қолмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ