МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиевнинг ўғли Қирғизистон миллий терма жамоасига таклиф қилинди

Эмир-хоон Қидиршаев. sport.akipress.org сайти фотосурати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари ва айни вақтда Қирғизистон футбол иттифоқи (ҚФИ) президенти Камчибек Ташиевнинг ўғли Эмир-хон Қидиршаев илк бор миллий терма жамоанинг Қирғизистон жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари кенгайтирилган буюртмасига киритилди. Футболчилар рўйхати терма жамоанинг расмий телеграм-каналида эълон қилинди.

Transfermarkt хабарига кўра, Эмир-хон Қидиршаев Испаниянинг «Сант-Кугат» клуби аъзоси сифатида қайд этилган. Қамчибек Ташиевнинг айтишича, унинг ўғли беш йилдан бери Европада ўйнаб келади. Айни пайтда Эмир Хон «Барселона» жамоаларидан бирининг ёшлар таркибида ўйнайди ва «Ла Масия» академиясида («Барселона ФКнинг ёшлар жамоаси) машғулот ўтказади.

Буюртмада Қидиршаевдан ташқари хорижда, жумладан Туркия, Россия, Беларусь, Люксембург, Гонконг ва Ўзбекистон чемпионатларида тўп сураётган бошқа қирғизистонлик футболчилар ҳам бор.

Қирғизистон терма жамоаси буюртмаси. Қирғизистон терма жамоаси матбуот хизмати фотосурати

Бош мураббий Стефан Тарковичнинг ЖЧ 2-саралаш босқичининг июнь ойида Осиё зонасида Малайзия (6 июнь) ва Уммон (9 июнь) термаларига қарши кечадиган ўйинларига тайёргарлик доирасидаги кенгайтирилган буюртмасига жамси 33 нафар футболчи киритилган. Улар 27 майдан 4 июнгача Жалолободдаги ўқув машғулотларида қатнашади.