Жорий йил 22 март куни Москва вилоятидаги «Крокус Сити Холл» да содир этилган теракт бўйича 1700 дан ортиқ одам жабрланган деб тан олинган. Бундай маълумотлар Москванинг Басманний туман суди ҳужжатларида келтирилган, деб ёзади «Коммерсант».
Иш бўйича тўрт нафар айбланувчининг ҳибсдаги муддатини узайтириш ҳақидаги суд қарорида таъкидланишича, терговчилар 800 дан ортиқ гувоҳни сўроқ қилган. Шунингдек, 20 дан ортиқ тинтув ўтказилиб, 65 та жиноят содир бўлган жойлар кўздан кечирилган, 650 дан ортиқ турли экспертизалар, жумладан, суд-тиббиёт, баллистик, молекуляр генетик, ёнғин-техника, қурилиш муҳандислиги ва бармоқ излари текширувлари ўтказилган.
РФ Тергов қўмитаси учта хорижий давлатга ҳуқуқий ёрдам сўраб саккизта сўров юборган. Ҳужжатлар қайси давлатларга юборилгани аниқланмаган.
Маълумки, қуйидаги ишлар битта процессда бирлаштирилади:
👉 теракт ҳақида;
👉 хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатилиши ҳақида;
👉 терактга тайёргарлик ҳақида;
👉 террористик ташкилотда иштирок этиш ҳақида;
👉 ўқотар қуролларнинг ноқонуний айланмаси ҳақида;
👉 уюшган шахслар гуруҳи таркибида портловчи қурилмаларни ноқонуний ишлаб чиқариш тўғрисида.
ОАВ ёзишича, айни пайтда
айбланувчилар орасида 20 киши бор, улардан 18 нафари тергов ҳибсхонасида.
Икки нафари тилхат билан қўйиб юборилган – булар хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатишда айбланаётган «Крокус» ходимлари.
ℹ️ Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл» концерт залида теракт 22 март куни «Пикник» рок-гуруҳи чиқишидан олдин содир бўлган. Камуфляждаги бир неча қуролланган киши мажмуага кириб, одамларни ота бошлаган. Улар конценрт залига келиб, у ерда ўт қўйишган, ёнғин бинонинг тўрт қавати ва томини қамраб олган. Ҳужум оқибатида 145 киши ҳалок бўлган.
23 март куни эрталаб ҳодисага алоқадор кимсалар қўлга олингани ҳақида хабарлар кела бошлади. Биринчи бўлиб Тожикистон фуқаролари Далержон Мирзоев, Саидакрами Рачабализода, Шамсидин Фаридуни ва Муҳаммадсобир Файзов ҳибсга олинган. Ҳаммаси бўлиб ўндан ортиқ киши ҳибсга олинган.
Ҳужум учун жавобгарликни «Ислом давлати»нинг Афғонистондаги бўлими («ИШИД Хуросон, Вилоят Хуросон, ISIS-K номи билан ҳам танилган) ўз зиммасига олди. Ушбу ташкилот террорчи сифатида тан олинган ва РФ ва бошқа кўплаб мамлакатларда тақиқланган.