Эронда президент курсисини эгаллаш учун курашда номзодлар орасида ягона ислоҳотчи бўлган собиқ Соғлиқни сақлаш вазири Масуд Пезешкиян етакчилик қилмоқда. Эроннинг Mellat, ISPA ва Shenaakht таҳлилий марказлари томонидан ўтказилган ижтимоий сўров натижаларида шу нарса маълум бўлди, деб хабар беради ТАСС.
Сўровда қатнашганларнинг ўртача 25,3 фоизи Пезешкиянга овоз беришга тайёр экани маълум бўлди.
Эронда президентлик сайловлари 28 июнь куни бўлиб ўтади. Бугун мамлакатда барча номзодлар, партиялар, сиёсий ҳаракатлар ва уларнинг тарафдорларига ҳар қандай ташвиқот тадбирларини ўтказмаслик тавсия этилган сукунат режими ҳукм сурмоқда.
Президент сайловларида беш нафар сиёсатчи курашмоқда. Пезешкияндан ташқари ҳамма консерваторлар лагеридан:
👉 Парламент спикери Муҳаммад Боғир Ғолибаф;
👉 Теҳрон мэри Алиризо Законий;
👉 Оятуллоҳнинг Ислом Республикаси Хавфсизлик Кенгашидаги вакили Саид Жалилий;
👉 Ички ишлар ва Адлия вазирликларининг собиқ раҳбари Мустафо Поурмуҳаммади.
Дастлаб Конституцияни қўриқлаш кенгаши олти кишига сайловда иштирок этишга рухсат берган, бироқ 26 июнь куни вице-президент Амир Ҳусайн Ғозизода Ҳошимий бошқа консерватив номзодлар фойдасига ўз номзодини қайтариб олган.
ℹ️ Масуд Пезешкиян 1954 йил 29 сентябрда Ғарбий Озарбайжон вилоятининг Маҳобод шаҳрида туғилган. Кардиожарроҳ, Президент Муҳаммад Хотамий (2001-2005) даврида Соғлиқни сақлаш вазири бўлиб ишлаган. Эрон парламентининг 8-12 чақириқ депутати. Пезешкиян 2013 ва 2021 йиллари давлат раҳбари лавозимига номзодини қўйган.
2022 йил сентябрида «Махса Амини номи билан аталган» оммавий норозилик намойишлари бошланганидан кейин Пезешкиян қизнинг ўлимида расмийлар айбдор эканини маълум қилганди. «Бу бизнинг айбимиз. Биз диний эътиқодни куч билан жорий қилмоқчимиз. Илмий нуқтаи назардан бу мумкин эмас», — дея сиёсатчи сўзларидан иқтибос келтиради «Коммерсант». Пезешкиян ҳукуматнинг норозилик намойишларини куч билан бостириш курсини танқид қилган Эроннинг энг юқори мартабали амалдорига айланди.
Эрондаги президентлик сайловларида консерваторлар лагери вакили ғалаба қозонишига кўпчилик шубҳа қилмайди. Тахминларга кўра, асосий пойга Оятуллоҳ Али Хоманаийга яқин икки шахс — Ғолибаф ва Жалилий ўртасида бўлади. Ҳар икки консерватор 2017 ва 2021 йиллардаги президентлик сайловларида Иброҳим Раисини қўллаб-қувватлаган ва унинг фойдасига ўз номзодларини қайтариб олганди.
ℹ️ Эронда муддатидан олдин сайловлар мамлакат президенти Иброҳим Раиси жорий йилнинг 19 май куни авиаҳалокатда вафот этганидан кейин эълон қилинган эди. Номзодларни рўйхатга олиш 30 майдан 3 июнгача давом этди. 278 кишидан сайлов комиссияси атиги 80 нафар сиёсатчидан ҳужжатларни қабул қилди, натижада атиги олти нафарига президентлик пойгасида иштирок этишга рухсат берилди.