Толиблар Ғарбни Афғонистондаги аёлларга нисбатан муносабатга эътибор бермасдан мулоқот қилишга чақирди

Доҳада толиблар билан учрашув. apnews.com сайти фотосурати

«Толибон»* ҳаракати вакиллари халқаро муносабатларни яхшилаш мақсадида ғарблик ҳамкорларни Афғонистонда аёлларга нисбатан қўлланилаётган қаттиқ чораларга эътибор бермасликка чақирди. Бу ҳақда Apnews хабар берди.

Толибларнинг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид Қатарда БМТ шафелигида Афғонистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган йиғилишнинг очилиш кунида «Толибон» «айрим диний ва маданий қадриятлар ва ижтимоий интилишларни» қўллаб-қувватлашини айтди ва жаҳон ҳамжамиятига икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун уларни тан олишни таклиф қилди.

«Бир қатор мамлакатларда Ислом Амирлигининг айрим чоралари билан боғлиқ муаммолар бўлиши мумкинлигини инкор этмайман. Менимча, давлатлар ўртасидаги сиёсий келишмовчиликлар бўлиши табиий ва тажрибали дипломатларнинг бурчи, қарама-қаршилик эмас, балки ўзаро ҳамкорлик ва тушуниш йўлларини топишдир. Тафовутлар Афғонистонга пировардида ўз таъсирини ўтказаётган кучли давлатларнинг хавфсизлик, сиёсий ва иқтисодий соҳалардаги босими даражасида кескинлашмаслиги лозим», — деди Мужоҳид.

Шу билан бирга, толиблар вакили қандай «диний ва маданий қадриятлар» ҳақида гапираётганига аниқлик киритмаган. Жумладан, у аёлларга нисбатан қўлланилаётган қаттиқ жазолар, қизларнинг таълим олиш имкониятидан маҳрум этилиши ҳақида сукут сақлаган. Шу билан бирга, «Толибон» ўз фармонларига нисбатан ҳар қандай танқидни рад этади ва буни «ички ишларга аралашиш» деб атайди.

Афғонистон бўйича Доҳадаги учрашув БМТ шафелигидаги учинчи учрашув бўлди. Биринчи учрашувга толиблар вакиллари таклиф этилмаган. Уларнинг ўзлари иккинчи учрашувни рад этишган, ўшанда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш уларнинг рад жавобини жумладан, Афғонистон фуқаролик жамияти вакилларини музокараларга киритмаслик ва «Толибон» аъзоларини мамлакатнинг қонуний ҳукмдори сифатида қабул қилиш талаблари билан боғлиқ «қабул қилиб бўлмайдиган шартлар» билан изоҳлаганди.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари, шунингдек, БМТнинг Афғонистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Ричард Беннетт ва Нобель мукофоти совриндори Малала Юсуфзай танқидига учраган жорий йиғилишда толиблар талабига кўра афғон аёлларининг иштирок этишига рухсат берилмаган. Аввалроқ БМТ Бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили Роза Отунбаева Доҳадаги йиғилиш иштирокчилари қаторига афғон аёлларини киритмаслик қарорига қарши чиққан, бироқ «Толибон»нинг БМТ конференциясида иштирок этиши фактини олқишлаганди.

2024 йил июнь ойи охирига келиб, бирор давлат «Толибон» ҳаракатини расман тан олмаган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, аёлларнинг таълим олиши ва ишга жойлашишига қўйилган тақиқлар сақланиб қолган экан, тан олиш деярли имконсиз бўлиб қолаверади. Бироқ, Мужоҳид фикрича, «Толибон» ва бошқа давлатлар ўртасидаги сиёсий ўзаро тушуниш изчил яхшиланмоқда.

«Минтақа давлатлари билан алоқалар «Толибон»нинг алоқаларни ўрнатиш ва давом эттиришга содиқлиги ва қобилиятини кўрсатди», — дейди Мужоҳид.

ℹ️ БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2003 йили «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган. Ўшанда Россия ҳам толибларни ҳам худди шундай рўйхатга қўшган. Толиблар Афғонистонда ҳокимиятни 2021 йил августида қўлга киритган ва шундан бери жаҳон ҳамжамияти томонидан ўзларининг тан олинишига ҳаракат қилишади.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ