ОАВ: Эрдоған «бўри саломи» можароси фонида Берлинда бўлиб ўтадиган футбол ўйинига ташриф буюради

Мериҳ Демиралнинг «бўри саломи». АР фотосурати

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған 5-6 июль кунлари Озарбайжонда бўлиб ўтадиган Туркий Давлатлар Ташкилотининг (ТДТ) норасмий саммитида иштирок этмайди. У 6-июль куни Берлинда бўлиб ўтадиган футбол бўйича Европа чемпионатининг чорак финали доирасидаги Туркия ва Голландия терма жамоалари ўртасидаги ўйинга ташриф буюриш учун сафарини бекор қилди, деб хабар беради A Haber.

«УEФА Мериҳ Демиралга нисбатан тергов бошлаганидан сўнг, президент Эрдоған ўз дастурини бекор қилишга ва миллий терма жамоани қўллаб-қувватлаш учун Туркия – Голландия ўйинига боришга қарор қилди», — деб ёзади нашр.

Ҳозирча бу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ.

👉 2 июль куни Евро-2024 1/8 финалида Туркия терма жамоаси ҳимоячиси Мериҳ Демирал Австрия термаси дарвозасини икки бор ишғол қилди. Футболчи иккинчи голни нишонлар экан, ўта ўнг қанот турк миллатчиларининг «Кулранг бўрилар» ташкилоти томонидан қилинган имо-ишорани намойиш этди. Ўйиндан сўнг Демирал ижтимоий тармоқларда «Ne mutlu Türküm diyene!» («Турк бўлиш нақадар бахт!») деб ёзган. Мустафо Камол Отатурк бу иборани 1933 йили Республика кунида айтган эди.

Sports.ru сайти Демиралнинг «бўри саломи»ни ўйин бошланиши олдидан можарога жавоби бўлганини тахмин қилади: австриялик мухлислар шаҳар кўчаларидан бирида «Германия немислар учун. Чет элликлар – йўқолсин», дея ҳайқиришган.

Германия Ички ишлар вазири Ненси Фезер Х (собиқ Twitter)да «турк ўнг қанот экстремистларининг рамзларига стадионларимизда жой йўқ. Футбол бўйича Европа чемпионатидан ирқчилик платформаси сифатида фойдаланиш мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолатдир», деган. Фезер УEФАни вазиятни ўрганишга чақиради ва Германия хавфсизлик идоралари «Кулранг бўрилар»даги миллатчиларни диққат билан кузатиб бораётганини таъкидлайди.

Демирал томонидан кўрсатилган «бўри саломи» Туркия элчисининг Германия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилишига сабаб бўлган.

Айни пайтда Туркиянинг ўзида Демирал ҳукумат даражасида қўллаб-қувватланди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги футболчининг қилмиши юзасидан тергов олиб борилишини номақбул деб атаган. ТИВнинг таъкидлашича, Германияда «кулранг бўри» рамзи тақиқланмаган ва немис расмийларининг муносабатини ўзини «ксенофобия деб ҳисоблаш мумкин».

ℹ️ 2009 йил октабрь ойида Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) ташкил этилган бўлиб, илгари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) деб номланган. Айни пайтда унинг таркибига Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон, Туркманистон ва Венгрия кузатувчи сифатида қатнашмоқда. Ташкилот веб-сайтида ўзини мустақил деб эълон қилган Шимолий Кипр Турк Республикаси (ШКТР) ва Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) ҳам кузатувчи сифатида қайд этилган.

Норасмий саммит Шуша шаҳрида бўлиб ўтади ва унда иштирокчи давлатлар президентлари, шунингдек, кузатувчи давлатлар раҳбарлари ва ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиев иштирок этади. Учрашувнинг мавзуси «Транспорт алоқаси ва иқлим ўзгаришига қарши кураш орқали барқарор келажакни қуриш».

«Саммит давомида кўп томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, транспорт-коммуникация ва инвестиция-молия соҳаларида, шунингдек, «яшил» иқтисодиёт, қайта тикланадиган энергетика, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва инсон капиталини ривожлантириш йўналишларида янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади», — дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Саммит якунлари бўйича давлат раҳбарлари Қорабоғ декларацияси ва бошқа қатор ҳужжатларни имзолайдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ