Сувнинг «қора бозори»га қарши курашни кучайтириш учун Қозоғистон Сув хўжалиги ва ирригация вазирлиги қошида янги департамент – Сув ресурсларини тартибга солиш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қўмитаси ташкил этилди, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.
Янги қўмита сувдан ноқонуний фойдаланиш ва унинг сарф маълумотларини бузиб кўрсатиш, шунингдек, мамлакат сув объектларида ноқонуний хўжалик фаолиятига қарши кураш олиб боради, дейилади баёнотда.
«Вазирлик сувдан ноқонуний фойдаланишга қарши курашни алоҳида назоратга олади. Янги қўмита фаолияти ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва мамлакатимиз сув ресурсларини муҳофаза қилишга қаратилган. Бу қонунчиликка таклиф қилаётган ўзгартиришларимиз билан биргаликда сув «қора бозори»га қарши курашни сезиларли даражада кучайтириши керак», — дейди Сув хўжалиги ва ирригация вазири Нуржон Нуржигитов.
Ўтган йил кузида Қозоғистоннинг собиқ Экология ва табиий ресурслар вазири Зулфия Сулайменова вазирлик фаолияти натижаларини сарҳисоб қилар экан, вегетация даврида мамлакатнинг жанубий вилоятларида сувнинг «қора бозори» тахминан 5 миллиард тенге (11 миллион доллардан ортиқ) баҳоланишини айтганди. Гап, хусусан, сув ўғирланиши, амалда суғорилаётган ерлар тўғрисида ишончли маълумотларнинг йўқлиги, шунингдек, насосларни канал ва сув ҳавзаларига ноқонуний улаш ҳақида бормоқда. Сулайменованинг таъкидлашича, унинг раҳбарлигида бундай фактларга барҳам бериш ишлари бошланган.
Жорий йил январь ойида амалдаги вазир Нуржан Нуржигитов яна сувнинг «қора бозори»га қарши курашиш масаласини кўтарганди. У, жумладан, тадбиркорлик кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритиш, сув истеъмолчиларининг масъулиятини оширишни таклиф қилди. «Агар улар тўлашмаса, сув тарифидан бир неча баравар кўп жарималар солинади», — деганди у.